"Тиббиёт энциклопедияси"нинг мазмун-мундарижасини белгилашда жаҳон қомусчилиги анъаналаридан, бу соҳада мамлакатимизда орттирилган ижобий тажрибадан фойдаланилган. Энциклопедияда тиббиётга оид маълумотларни соҳа мутахассислари ва китобхонлар оммасига тушунарли тарзда ифодалашга ҳаракат қилинди.

Мазкур энциклопедияда одам организмида учрайдиган турли касалликларга оид материаллар энциклопедия умумий ҳажмининг асосий қисмини ташкил этади. Шунингдек, унда тиббиёт соҳаси ва фаннинг ҳозирги ҳолати, тарихи, методологиясини акс эттирувчи барча тушунчалар, атамалар, номлар шарҳи ўз ифодасини топган.

Китобхонлар эътиборига хавола қилинаётган ушбу энциклопедияда одам организмидаги асосий тизимлар акс этган рангли суратлар ҳам илова сифатида берилган.

"Тиббиёт энциклопедия"сини тузиш ва       нашрга тайёрлашда "Саломатлик энциклопедияси", 29 жилдли "Большая медицинская эн­циклопедия" ("Катта тиббиёт энциклопедияси"), "Тиббиёт қомусий луғати", 2 жилдли "Одам анатомияси атласи", 12 жилдли "Ўзбекистон миллий энциклопедияси" ва хорижда чоп этилган бир қатор энциклопедия ва маълумотномалардан фойдаланилган.