Жавоб: - Истиқлол йилларидаги кенг кўламли ислоҳотларнинг барчаси халқ саломатлигини сақлашни юксак талаблар даражасига кўтаришга қаратилган. Очиғини айт­ганда, ҳали бу борада қилинадиган ишлар жуда кўп. Мазкур ҳужжатнинг аҳамияти ва муҳимлиги шундаки, унда айни пайтдаги муаммоларни ижобий ҳал этиш вазифалари аниқ ва равшан белгилаб берилган. Чунончи, аҳолининг тиббиёт муассасаларининг арзон ва сифатли дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминланганлик даражасини янада ошириш, уларнинг нархини белгилаш бў­йича очиқ-ошкора механизмни жорий этиш, мамлакатимизда арзон ва сифатли препаратлар бўлишига қарамасдан ташхис қўйиш ва даволаш стандартларида кўзда тутилмаган ҳамда асосан қиммат импорт дори-дармон воситаларини тавсия этиш каби номақбул амалиётнинг олдини олиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик асосий мақсад қилиб белгиланган.

Савол: - Хориждан келтирилган ва ўзимизнинг мамлакатимизда ишлаб чиқарилган тиббий маҳсулотларнинг қимматлашиб кетмаслиги учун қандай чора-тадбирлар қўлланилмоқда?

Жавоб: - Бу бош масала. Шунинг учун 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб, мазкур қарорга мувофиқ четдан олиб келинадиган, шунинг­дек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш, уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъий назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда белгиланган чекланган савдо устамалари қўллаш амалга оширилмоқда.

Савол: - Ўзбекистондаги фармацевтика корхоналари маҳсулотлари жаҳон бозорида муносиб ўрин эгаллаяпти, дея оласизми?

Жавоб: - Албатта. Истиқлол йилларида мунтазам олиб борилган изланишлар самараси туфайли фармацевтика саноати корхоналарида ишлаб чиқариш кўлами тўлиқ шаклланди, дори препаратлари ҳамда тиббий буюмларни тайёрлаш ҳуқуқига эга, ички бозорнинг 55 фоизини дори воситалари билан таъминлай оладиган ривожланган соҳага айланди. Ҳозир Ўзбекис­тонимизда тайёрланаётган дори-дармонларнинг хорижга ҳам экспорт қилинаётгани бизнинг фармацевтика маҳсулотларимизнинг сифати жаҳон андозаларидан асло кам эмаслигини тасдиқлаб турибди. Илгарилари дори-дармонлар асосан чет мамлакатлардан сотиб олинган бўлса, энди Ўзбекистоннинг ўзи ҳам хорижга тиббий маҳсулотлар чиқарувчи мамлакатлар қаторига кирди. Бугунга келиб, 30 га яқин давлат дори-дармонларимизни сотиб олмоқда. Уларда 226 номдаги препаратларимиз рўйхатдан ўтказилган. Энг муҳими, сифати кафолатли, эътирозлар эса йўқ.

Савол: - Наманганда айни вақтда нечта фармацевтика корхонаси фаолият юритмоқда?

Жавоб: - Мамлакатимизда фармацевтика йўналишда 143 корхона фаолият юритиб, улар томонидан 2 мингдан ортиқ турдаги дори-дармон воситалари ва тиббий     буюмлар ишлаб чиқарилмоқда. Наманганда эса бу соҳа корхоналари сони ҳозирча 5 та. Жумладан, Абу Али ибн Сино номли ўрмон хўжалигига қарашли "Шифобахш" корхонасида 10 турдаги доривор ўсимликлар хом ашёси, "Мерримед фарм" масъулияти чекланган жамиятида 76 турдаги таблеткалар, капсула, ампула маҳсулотлари, гален дориси ва сиқма мазлар, "Камол Мед Фарм" масъулияти чекланган жамиятида 5 турдаги таркибида спирт бўлган маҳсулотлар, "Ғулом Фозилович" масъулияти чекланган жамиятида тиббиёт марлиси ва 4 хил бинтлар, "Қадр Тўқимачи" масъулияти чекланган жамиятида тиббиёт марлиси тайёрланмоқда.

Савол: - Энди Наманган вилояти фармацевтика саноатининг истиқболлари ҳақида фикр юритсак. Аввало, тиббиётчиларнинг, қолаверса, халқнинг талаб-эҳтиёжларини қондириш масаласи қандай ҳал этилмоқчи?

Жавоб: - Республикамизда вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари томонидан ҳокимликлар билан келишилган ҳолда тақдим этилган дастурларга мувофиқ 2016-2020 йилларда жами 243 та янги фармацевтика корхоналари ташкилланиши белгиланган. Жумладан, бизнинг вилоятда ҳудудий маҳаллий фармацевтика саноатини ривожлантириш ва импорт ўрнини босувчи дори воситалари ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш учун умумий қиймати 70,2 миллион АҚШ долларига тенг 7 та инвестицион лойиҳаларни ўз ичига олган дастур белгиланди. Агар режалар натижа касб этса, кейинги икки йилдаёқ дори-дармон маҳсулотларининг катта қисми ўзимизда ишлаб чиқарилади, ҳатто экспорт қилиш имконияти ҳам туғилади. Жумладан, Наманган шаҳрида 2017 йилнинг сентябрида "Наманган дори-дармон фито"да гален препаратлари, эфир мойлари, сироплар тайёрлай бошланади. Йил сўнггига бориб, "Камол Мед Фарм" масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган дори маҳсулотлари тури кўпаяди.

Яқин орада, аниқроғи шу йилнинг биринчи чорагида "Наманган фарм плант" масъулияти чекланган жамиятда апмула дори тайёрлашга киришилади.

Жорий йилимизнинг ноябрь ойига бориб, Наманган туманида "Мерримед фарм" масъулияти чекланган жамиятида "Қуруқ сочилувчан" кўринишда антибиотик ва инфузион эритмалар етказиб беришга киришилади.

Уйчи туманида "Мед диагноз фарм" масъулияти чекланган жамияти томонидан тиббий лаборатория диагностикум ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади.

Вилоятда "Ўзфармсаноат" АК томонидан натрий хлор ва антибиотик субстанция тайёрлаш бўйича иккита йирик лойиҳа рўёбга чиқарилади. Буларнинг барчаси амалдаги йилимизнинг муҳим воқеаси бўлиб қолишига ишончимиз комил.

Савол: - Дориларнинг қиммати афзалми ёки арзони? Хорижники афзалми, ёки ўзимизники?

Жавоб: - Сиз билан биз буюк ибн Сино юртининг фарзандларимиз. Бошқача айтганда, биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, кам бўлмаймиз ҳам. Бу тиббий соҳаларгаям бевосита дахлдор гап. Фақат янги даврда қарашларимизниям янгилашимиз шарт. Дори-дармонлар ватанига келсак, у қаерда тайёрланмасин, таркиби бир хиллари кўп. Фақат номлари бошқача бўлиши мумкин. Энг муҳими сифати. Ишлаб чиқарувчидан истеъмолчига етиб келгунича сақланиши қатъий назоратга олинган. Бироқ ўзимизникини қадрламаслик, хорижникига кўр-кўрона юқори баҳо беришдек номақбул ҳолат ҳали ҳам йўқолмаётгани кишини ранжитади.

Биз бемор билмаса ҳам врачлар билиши аниқлигини ҳисобга олиб, ҳозирда барча мутахассислар олдига ўзимизнинг арзон дори-дармонларимизни буюришларини шарт қилиб қўйганмиз. Айни пайтда изчил назорат ҳам ўрнатганмиз. Буларнинг барчаси халқ манфаати учун, уларнинг оила бюджетларига зарар етказмасдан тезроқ соғайиши учун хизмат қилишини ҳеч қайси врач унутишига ҳаққи йўқдир.

Савол: - 2017 йилнинг 1 январидан дори воситалари чекланган нархларда сотувга чиқарилаётганини биламиз. Улар ҳақида янаям аниқроқ маълумот берсангиз?

Жавоб: - Халқимиз манфаатини ўйлаб уларнинг рўйхати тобора кенгайтириляпти. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 20 декабрдаги ПҚ-2685-сонли қарори билан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ ҳозирда қон айланиш, асаб тизими, ички секреция безлари, кўз, нафас олиш аъзолари, сийдик-таносил касалликларини даволашда ҳамда шошилинч тиббий ёрдам ва жарроҳлик амалиётида қўлланадиган 97 та маҳаллий дори воситалари, 18 та тиббий буюмлар чекланган нархларда дорихоналарга чиқарилмоқда. Рўйхатга жами 343 номдаги дори воситалари киритилган. Яъни чет элдан келтирилган 201 номдаги дори воситалари ва 44 номдаги тиббий буюмларгача бор.

Яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ҳамда дори-дармон ва тиббиёт буюмларига бўлган эҳтиёжни тўлақонли таъминлаш мақсадида бошқа зарурий чоралар ҳам кўрилмоқда. Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан "Барча дорихоналар учун мажбурий бўлган энг зарур дори воситалари ва тиббий буюмларнинг минимал рўйхати" тасдиқланиб, унинг таркибига 70 номдаги маҳаллий дори воситаси ва 6 номдаги маҳаллий тиббиёт буюми киритилди. Қолаверса, "Шифокор рецептсиз бериладиган дори воситалари рўйхати"дан 1225 номдаги, жумладан 192 халқаро патентланмаган номдаги ва 1033 номдаги мажмуавий номдаги дори воситалари ўрин олди. Юртдошларимиз манфаатини ўйлаб амалга оширилаётган бу саъй-ҳаракатлар ўзининг ижобий самараларини беришига ишончимиз комил.

Суҳбатдош Содиқ САЙҲУН.