Дарҳақиқат, "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурида оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, баркамол авлодни тарбия­лаш каби ғоят муҳим чора-тадбирлар мажмуи қамраб олинганди. Барча жойдагидек, вилоятимиз соғлиқни сақлаш тизимида ҳам мазкур ҳужжатнинг тиббиётчиларга тааллуқли бандларида қайд этилган вазифалар ижроси изчиллиги таъминланди.

Она ва бола саломатлигига эришиш учун, аввало, уларга кўрсатилаётган тиббий хизмат даражасини тобора юқори кўтариш лозим. Чунончи, биринчи навбатда, аҳолининг мазкур қатлами ўртасида профилактика, тиббий маданиятни юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади. Бунда, айниқса, чуқурлаштирилган тиббий кўрикларнинг аҳамияти беқиёс. Шу боис ҳам вилоятдаги туғиш ёшидаги аёллар ва болалар шундай муҳим тадбирга кенг жалб этилди. "Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!" шиори остида уч марта ташкил этилган ижтимоий акцияда нафақат вилоят шифокорлари, балки, мамлакатимиз етакчи тиббиёт марказлари ва тиббиёт олийгоҳлари шифокор олимлари иштирок этиб, чекка ҳудудларда яшовчи аҳоли вакилларига малакали тиббий хизмат кўрсатишди.

Бундан ташқари, 2016 йилда икки марта уюштирилган патронаж тадбирлари ижобий самаралар берди. Вилоят даволаш-профилактика муассасалари тажрибали шифокорлари туманлардаги ҳамкасблари билан хонадонма-хонадон юриб, аҳолининг барча қатламларини, биринчи навбатда оналар ва болаларни тиббий кўрикдан ўтказдилар. Текширув пайтида аниқланган касалликларни зудлик билан даволаш чоралари кўрилди. Октябрь ойидаги "Ҳар бир инсон меҳр ва эътиборда" акцияси ҳам даволаш-профилактик ишлари даражасини янги поғонага кўтаришга омил бўлди.

Соғлом онадан соғлом бола туғилади. Шундан келиб чиқиб, Дастурда тиббиёт муассасалари, жумладан, перинатал ва скрининг марказлари моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини янада юксалтириш вазифаси белгилаб қўйилган. Бу борадаги ишларимиз ҳам жадаллаштирилди. Жумладан, Наманган шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмаларига қарашли 10 та даволаш-профилактика муассасасида Инвестиция дастури -доирасида реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди. 9 та туман тиббиёт бирлашмасининг болалар бўлимлари ва туғруқ мажмуалари мукаммал таъмирланди, Наманган шаҳар туғруқ комплексини реконструкция қилиш ишлари ниҳоясига етказилди. Улар "Саломатлик-3" ло­йиҳаси асосида энг сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар, аппаратуралар билан жиҳозланди.

Шуни мамнуният билан таъкидлаш жоизки, Инвестиция дастури асосида тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси йил са­йин ривожлантирилмоқда. Ушбу мақсадлар учун ажратилаётган бюджет маблағлари салмоғи тобора ортиб боряпти. Қаранг: дастлабки даврда атиги 5-6 миллиард сўмлик иш бажарилган бўлса, эндиликда бу миқдор 6 баробар кўпайиб, 2016 йилнинг ўзида 36 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши кўзда тутилди. Бунёдкорлик ишлари пировардида кўркам қиёфага кирган муассасаларимиз "Саломатлик-3" лойиҳаси доирасида энг замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан таъминланмоқда.

Бу ўринда Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт уюшмаси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган "Саломатлик-3" лойиҳаси дои­расидаги саъй-ҳаракатлар ижобий самаралар бермоқда. Шу мақсадда 11 та туман тиббиёт бирлашмалари, кўп тармоқли марказий поликлиникаларини жиҳозлаш ҳамда кадрларни қайта тайёрлаш учун 11 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилган.

Ўтган давр мобайнида барча туманлар тиббиёт бирлашмалари замонавий УТТ, гастрофиброскоп, кардиомониторлар, зарарсизлантириш бўлимлари жиҳозлари, жарроҳлик ва умумий амалиёт жамланмалари, ЭКГ ва лаборатория жиҳозлари ҳамда бошқа воситалар билан таъминланди. Янгиқўрғон ва Мингбулоқ туманларида энг такомиллашган рақамли рентген аппаратлари ишга туширилди. Кўп тармоқли марказий поликлиникаларга эса 56 та замонавий стоматологик жиҳозлар келтирилди.

Ноябрь ойида эса вилоятимиз кўчаларида Японияда ишлаб чиқарилган "NISSAN" русумли реанимобиллар пайдо бўлди. "Саломатлик-3" лойиҳасига мувофиқ олиб келинган мазкур тиббий транспорт воситалари ҳар бирининг қиймати 92 миллион сўм туради. Қисқаси, бугунга қадар "Саломатлик-3" лойи­ҳаси бўйича олинган тиббиёт анжомлари, аппаратура ва жиҳозлар қиймати 11 миллиард сўмдан ошди.

Қисқа фурсатда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали, вилоят кардиология маркази, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят онкология диспансери ва бошқа кўплаб даволаш-профилактика муассасаларида ўтказилган кўргазмали машғулотлар чоғида пойтахт­даги клиникаларда қилинадиган ўнлаб мураккаб жараёнлар вилоятимизда бажарилди. Натижада маҳаллий шифокорларнинг тажрибаси ортиб, эндиликда қатор янги амалиётлар бевосита Намангандаги шифохоналарда муваффақиятли ўтказилмоқда.

Дарҳақиқат, даволашнинг илғор усуллари тиббиёт муассасаларимизда малакали мутахассислар томонидан амалда кенг қўлланилмоқда. Биргина вилоят кардиология марказида жорий қилинаётган янгиликлар аҳамияти жиҳатидан эътиборга лойиқдир. Шуниси диққатга сазоворки, марказ эндиликда кардиожарроҳлик соҳасида мамлакатимизда фаолият юритаётган тўртта йирик муассасадан бирига айланмокда.

Жанубий Кореядан келтирилган, қиймати 1 миллион доллардан зиёд,108 хилдаги энг замонавий ва ноёб тиббиёт анжомлари ўрнатилгани, кадрлар малакаси оширилиши туфайли марказда кардиохирургиянинг энг сўнгги ютуқлари асосида даволаш ишлари олиб бориляпти.

Замонавий тиббиёт анжомлари билан таъминланаётган шифохоналар қаторидан Инвестиция дастуридан сўнг ғоят кўркамлашган Онкология диспансери ҳам ўрин олди. Ўтган йилнинг ўзида шифохонага қиймати 1 миллиард 250 сўмлик хорижда ишлаб чиқарилган замонавий тиббиёт аппаратуралари етказиб берилди. Рақамли стационар маммограф, компьютер томограф, бронхофиброскоп, юқори частотали рентген аппаратлари шулар жумласидандир. Бу катта ишнинг бошланиши холос. Тез орада Япония грантлари асосида ички нур аппарати, МРТ ва бошқа тиббиёт асбоб-ускуналари олинади ва вилоятимиз онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва самарали даволаш марказига айланади.

Бугина эмас, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига ҳам янги, такомиллашган тиббиёт анжомлари, аппаратура, жиҳозлар олиниши кўзда тутилмоқда. Жумладан, МРТ ва бошқа қурилмалар билан таъминланиши режалаштирилган.

Бугун мамлакатимиз тиббиёти юксак суръатлар билан равнақ топаётгани халқаро миқёсда ҳам эътироф этилаётгани барчамизга қувонч бағишлайди. Бу ўз навбатида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини, шунингдек, мутахассисларнинг илмий ва касбий салоҳиятини муттасил юксалтириб боришни тақозо этади. Айни йўналишдаги ишларни тизимли ташкил этиш, жумладан, шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимлари малакасини ошириш, уларни замонавий тиббий технологияларни мукаммал ўзлаштиришларини таъминлаш мақсадида мамлакатимизнинг етакчи тиббиёт марказлари тажрибали мутахассислари иштирокида турли анжуманлару "Маҳорат дарслари" ўтказиш одат тусига кирди. Болалар шифокорлари ихтисосликларини янада кенгайтириш борасида ҳам фаол иш олиб бориляпти. Яқин орада неонатал жарроҳ ва анестезиолог ҳамда реаниматологлар сафи янада ортади.

"Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади" деган ҳаётий ҳақиқат доимо ёдимизда туради. Соғлом оилаларни қарор топтириш ғоят муҳим аҳамият касб этаверади. Янги турмуш қураётган ёшларнинг никоҳдан олдин тиббий кўрикдан тўлиқ ўтишларига эришиляпти. Никоҳланувчи йигит ва қизлар саломатлигини чуқур тарзда текшириб кўриш орқали соғ­лом оилалар вужудга келтириляпти, туғма ва ирсий касалликлар сони камайтирилмоқда. Бундан ташқари, ҳомиладор аёллар, чақалоқларни перинатал, неонатал скринингдан ўтказиш орқали уларда туғма ва ирсий касалликларни эрта аниқлаш чоралари кўрилмоқда.

Ҳомиладор аёллар скрининг кўригидан ўтказилиб, уларда ҳомиладорлик жараёни қандай ўтаётгани, ҳомила ўсиши ва бошқа кўрсаткичлар кузатиб борилмоқда. Шу ўринда мазкур йўналишдаги ишларни янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаб ўтиш лозим. Хусусан, жорий йилда вилоят "Она ва бола" скрининг маркази юқори даражали рақамли, кўп мақсадда фойдаланиладиган диагностик ультратовуш тизими билан жиҳозланди.

Ҳомиладор аёлларнинг соғлиғини сақлаш, психофизиологик аҳволини яхшилаш, ёш оналар ва болаларни тегишли тарзда парвариш қилиш соҳасидаги ишлар кучайтириляпти. Уларнинг овқатланиш рациони сифати, калорияси яхшиланишини таъминлаш мақсадида фортифицирланган ун ва йодланган тузнинг инсон саломатлигига таъсири юзасидан таълим муассасалари, маҳаллаларда тарғибот-ташвиқот тадбирларини ташкил этдик. Шунингдек, ҳомила нуқсонларининг олдини олиш мақсадида бўлажак оналар "Витрум пренатал" поливитамин комплекси билан таъминланди.

Аҳолининг тиббий маданиятини шакллантириш олдимизда турган ўта муҳим масалалар сирасига киради. Шу боис ҳам тар­ғибот-тушунтириш тадбирларига урғу берилмоқда. Ихтисослаштирилган марказлардан тортиб, қишлоқ врачлик пунктларигача бўлган даражада репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш, соғлом оилани шакллантириш, тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик, соғлом оналик ва ривожланишнинг туғма аномалиялари профилактикаси, болалар орасида касалланиш ҳамда маиший жароҳатланиш профилактикалари бўйича маърузалар билан чиқилди, ахборот таълим материаллари тарқатилди.

Дастурий чора-тадбирларни амалга оширишда давлат бошқарув органлари, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик ўз самарасини берганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бинобарин, вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, прокуратура ва бош­қа мутасадди идораларнинг "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастурига асосан туғиш ёшидаги аёллар ва болаларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, оналар ва гўдаклар ўлимининг олдини олиш бўйича ҳамкорликдаги тадбирлар дастури" қабул қилинди. Унинг изчил ижросини таъминлаш учун барча имкониятлар ишга солинди.

Республика саломатлик ва тиббий статистика институти вилоят филиали ва "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими билан ҳамкорликда жонли деворлар ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилди. Жумладан, маҳаллаларда буклетлар йиғиндисидан иборат "Саломатлик бурчаклари" ташкил этилди. Гузарларда "Оталар мактаби", фаол аёллар ва намунали оилалар аъзоларидан иборат "Қайнона ва келин мактаби" - фаолияти йўлга қўйилиб, ҳомиладорлик, туғруқ даврининг ижобий кечишида оила аъзоларининг масъулияти, соғ­лом фарзанд дунёга келишида чуқурлаштирилган тиббий кўрикнинг аҳамияти тарғиб қилинди. Эрта турмуш, қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари, тиббиётнинг доимий мавзуларига оид видеороликлар вилоят телевидениеси орқали мунтазам намойиш этиб борилди.

Болалар бизнинг келажагимиз. Нуридийдаларимизнинг соғлом, бақувват, маънавий жиҳатдан баркамол ўсиши эртанги кунимиз янада саодатли бўлишига замин яратади. Шу мақсадда болалар саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган тадбирлар сифатини юқори даражага кўтариш кун тартибидаги энг долзарб вазифалардан бирига айланган. Жумладан, жойларда мунтазам ўтказилаётган "Болалар саломатлиги ҳафталиклари" фикримиз тасдиғидир. Эмлаш амалдаги тақвимга мувофиқ ўтказиб борилди. А витамини саплементацияси ва мактабгача, мактаб ёшидаги болаларни дегельминтизиация дастури билан қамраб олиш таъминланди. Тақдир тақозоси билан носоғлом дунёга келган болаларни соғломлаштириш масаласи ҳам эътибордан четда қолгани йўқ. "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия жамғармаси мададида Германия ва Жанубий Корея халқаро ташкилотлари кўмагида туғма нуқсони бор болаларни чет эл клиникаларида даволаш устида ҳам иш олиб борилди.

Мухтасар айтганда, жисмонан соғлом ва маънан етук авлодни вояга етказишга қаратилган ишларимиз бардавомдир. Ўзбекис­тон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган "2016-2020 йилларда Ўзбекистонда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорда белгилаб берилган улуғвор вазифалар ижросини таъминлаш учун бор куч, билим, тажриба ва имкониятларимизни ишга солаверамиз.

Солижон МЎМИНОВ,

Вилоят соғлиқни сақлаш

бошқармаси бошлиғи,

Ўзбекистон  Республикаси

Олий Мажлиси Сенати аъзоси.