- Ошқозон оғриғидан безовта бўлиб келгандим, - дейди Зарбдор маҳалласида яшовчи М. Ҳакимова. - УАШ врачимиз З. Қўлдошеванинг тиббий маслаҳатлари, тавсия қилган дори-дармонлари туфайли саломатлигим тезда яхшиланди. Бугун эса қайта кўрикка келгандим, дард ҳеч қандай асорат қолдирмапти. Шифокоримдан жуда-жуда миннатдорман...

- Қон босимим ошиб туради, - дейди Бешкапа кўчасида яшовчи меҳнат фахрийси М. Қорабоева. - Яқиндагина шифокорлар хонадонимга ЭКГ аппарати ва кўчма лабаротория билан боришиб, тиббий кўрикдан ўтказиб келишганди. Бундан бениҳоя севиндим. Яхшиям ғамхўр дўхтирлар бор экан, уларга мингдан - минг раҳматлар айтамиз.

Поликлиникада ҳудуддаги барча оилалар ҳисобга олинган. Ҳар бирига алоҳида-алоҳида йиғма жилдлар ташкилланиб, тўлиқ маълумотлар киритилган. Оила аъзолар неча киши ва неча ёшда бўлишидан қатъий назар, даволангани ва қайси хасталикларга мойиллиги борлиги аниқланганлигидан кўрдикки, врачу-ҳамшираларнинг масъулияти юқори.

- 60 мингдан зиёд аҳоли саломатлигини сақлашга бурчлимиз, - дейди поликлиника бош врачи Н. Жўраева. - Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун барча қулайликларга эга бўлдик. "Ҳамза", "Дамбоғ" филиалларимиз ҳам бундан мустасно эмас.

"Саломатлик-3" лойиҳаси доирасида электрокардиограмма, ультратовуш аппарати, офтальмоскоп, подоскоп аппаратлари, шунингдек, гинекологик ва жарроҳлик асбоблари билан таъминланилди. Улардан беморларга тўғри ташхис қўйиш ва даволашда самарали фойдаланмоқдамиз.

- Эртамиз эгаларининг жисмонан соғлом ва маънан баркамол улғайишларида зиммамизга ғоят юксак масъулият юкланган, - дея суҳбатга қўшилди соғлиқни сақлаш аълочиси, олий тоифали шифокор, врач-иммунолог М. Қодирхўжаев. - Биз инсонлар саломатлигини сақлашдаги муҳим тадбирлар - эмлашлар ва тиббий кўрикларни белгиланган вақтларда талаблар даражасида амалга ошириб бораверамиз. Ҳеч бир оила, ҳеч бир инсон эътиборимиздан четда қолмайди.

Аҳоли орасида тиббий маданиятни юксалтириш, турли юқумли хасталикларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда шифокорларга ҳамкору-ҳамфикр бўлиб иш юритаётган ўрта тиббиёт ходимларининг фао­лиятлари ҳам алохида эътирофга лойиқ. Бош ҳамшира Д. Алимбоевани "Ўқув хонаси"да ҳамшираларга сабоқ бераётган пайтида учратдик.

- Эрталаб кунлик иш режаларни тақсимлаб, тушдан кейин уларнинг натижасини сарҳисоб қиламиз, - дейди бош ҳамшира. - Кун давомида ҳамширалар қандай ишларни амалга оширганлиги ҳисоботини беришади. Шунингдек, ёш кадрлар кўп йиллик иш тажрибасига эга катта ҳамшираларнинг сабоқларидан ҳам баҳраманд бўлишади. Ўқув давомида мустақил мамлакатимизда тиббиётга оид муҳим янгиликлардан хабардор қилиб борамиз.

Юздан ошиқ ҳамшираларимиз ҳудудимиздаги 13 та мактаб, 4 та МТМ ва барча маҳаллалар аҳолиси соғлигини сақлашга масъул ҳисобланишади. 59 нафар патронажлар барча хонадонларга кириб боришяпти. Оилалардаги катталару-болаларда бирор касаллик аломати борлигини сезишса, шифокорга учрашишни тавсия қилишмоқда. Ҳозирги кунда аҳоли орасида ботулизм, грипп, қутуриш, вирусли гепатит, ОРВИ касалликларининг олдини олиш бў­йича тушунтириш ва профилактика ишларини олиб бормоқдалар.

Ҳамширалар фаолиятида талабчан бош ҳамширанинг иш самарадорлигини оширишдаги саъи-ҳаракатлари, меҳнатсеварлиги, куюнчаклигию-жонсараклиги яққол сезилиб турибди. Унинг "Мустақилликнинг 25 йиллиги" кўкрак нишони билан тақдирланганлиги бежиз эмас.

- Жамоанинг беминнат тиббий ёрдамларидан ғоят миннатдорман, - дейди Навоий кўчасида яшовчи якка-ёлғиз нафақахўр Р. Турғунова. - Бошим ёстиққа текканда, қўли енгил шифокору  ҳамшира қизларим ҳамиша хизматимга шай. Поликлиника мудири Н. Жўраева ва бош ҳамшира Д. Алимбоевалар хонадонимга тез-тез ташриф буюришиб, ҳолимдан хабар олишади.

Хизматлари элга манзур УАШ шифокорлари Г. Раҳимова, Ҳ. Маҳкамбоева, М. Норбўтаева, З. Қўлдошевалар, офтальмоскопчи - М. Умарова, УТТ мутахассиси - Х. Раҳмонов, травматолог - Б. Йигиталиевларнинг ҳалол ва фаол хизматларини бу ерга қатновчи кўплаб инсонлар эътироф этишди.

Муолажада А. Мамадалиева, физиотерапия хизматида М. Акбархўжаева, ЭКГ, УТТ, массаж ҳамширалари М. Ҳайдарова, А. Муродова, Р. Ассатуллаева, хонадонма-хонадон юришда М. Долимова, Ш. Қўчқорова, Ф. Жалоловаларнинг фаолликлари эътиборга лойиқ.

Дарҳақиқат, оила аъзоларнинг барчаси соғлом бўлсагина, хонадонларда хотиржамлик, ишларда унум, ўқишларда улкан муваффақиятларга эришилаверади. Полик­линика жамоасининг эзгу мақсадлари ҳам шундай: Барча-барча оилалар соғлом бўлишсин. Кексалар эъзозу фароғатда яшашсин.

Манзура ЭРГАШЕВА.