Тадбир аввалида Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов сўзга чиқди. Нотиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг саккизинчи ялпи мажлиси якунлари хусусида батафсил гапириб берди.

Анжуман дастурига кўра дастлаб Наманган вилоятида болалар жарроҳлиги ҳолати ҳақидаги маъруза тингланди. Сўнгра болалар хасталикларини даволашда жарроҳлик амалиётларини ўтказишга оид янгиликлардан бохабар қилинди. Тадқиқотчи олим-шифокорлар илмий изланишлари натижалари билан таништирдилар.

- Соғлом ва баркамол авлодни яратиш ғоят муҳим вазифа. Болалар саломатлигини муҳофаза қилиш ишларини янги поғонага кўтариш бугунги анжуман кун тартибидан бежизга ўрин олмаган, - дейди Республика Болалар жарроҳлари ассоциацияси раиси ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдурашид Ҳамроев.

Болалар жарроҳлари анжумани ғоят ишчан руҳда ўтди. Соҳада қўлланилаётган қатор янгиликлар билан таништирилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтираётган кўплаб саволларга амалиётчилардан жавоблар олишди.