Ўтган давр мобайнида барча туманлар тиббиёт бирлашмалари замонавий УТТ, гастрофиброскоп, кардиомониторлар, зарарсизлантириш бўлимлари жиҳозлари, жарроҳлик ва умумий амалиёт жамланмалари, ЭКГ ва лабаротория жиҳозлари ҳамда бошқа воситалар билан таъминланди. Янгиқўрғон ва Мингбулоқ туманларида энг такомиллашган рақамли рентген аппаратлари ишга туширилди. Кўп тармоқли марказий поликлиникаларга эса 56 та замонавий стоматологик жиҳозлар келтирилди.

Ўтган ҳафтадан эса вилоятимиз кўчаларида Японияда ишлаб чиқарилган "NISSAN" русумли реанимобиллар пайдо бўлди. "Саломатлик-3" лойиҳасига мувофиқ олиб келинган мазкур тиббий транспорт воситалари ҳар бирининг қиймати 92 миллион сўм туради.

- Ўттиз йилдан бери санитар автомобилларини бошқараман. Ҳали бундай қулай ва тезкор автомашинани кўрмаганман, - дейди ҳайдовчи Шуҳрат Жабборов.

Реанимобиллар Янгиқўрғон, Учқўрғон, Поп, Чуст, Косонсой, Норин, Чортоқ ва Тўрақўрғон туманлари тиббиёт бирлашмаларига тақсимланди.

- Янги тиббиёт транспорт воситаларининг афзал жиҳатлари кўп. Унда оғир беморларни худди стационар шароитдагидек бош­қа шифохоналарга кўчириш учун ҳамма имкониятлар яратиб қўйилибди, - дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази кардиология бригадаси тез ёрдам шифокори Ғуломжон Матазимов.

- Салони кенг ва ёруғ, барча муолажаларни йўлда ҳам давом эттириш мумкин.

Қисқаси, тез орада вилоятимиз аҳолисига ана шундай жаҳон андозаларида жиҳозланган реанимобиллар хизмат кўрсата бошлайди. Энди оғир дардга чалинган беморларни олис туманлар шифохоналаридан вилоят марказидаги касалхоналарга олиб келиш чоғида ҳам малакали тиббий хизмат кўрсатиш имконияти яратилди. Мухтасар айтганда "Саломатлик-3" лойиҳаси доирасида етказиб берилган жиҳозлар, асбоб-ускуналар, аппаратура ва транспорт воситалари қиймати 10 миллиард сўмдан ортди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.