Яқинда Наманган давлат университети қошидаги 2-академик лицейнинг аниқ фанлар йўналиши 3-босқич ўқувчилари Ҳусайн Ҳасанов ва Нусратулло Неъматуллаевлар Тошкент ахборот технологиялари университетининг пойтахтимиздаги 2-академик лицейи ҳамда мазкур олийгоҳнинг Самарқанддаги филиалига қарашли академик лицей ўқувчилари Абдурасул Раҳимов ва Ахрор Абдуллаевлар билан бирга Россиянинг Қозон шаҳрида информатика фани бўйича ўтказилган 28-жаҳон олимпиадасида республикамиз шарафини муаффақиятли ҳимоя қилиб қайтишди.

-Информатика билимдонлари беллашувида турли қитъалардаги саралаш босқичларида ғолиб чиққан 83 давлатнинг 318 нафар вакили ўткир зеҳнлилик ва заковат бобида нималарга қодир эканлигини кўрсатди, - дейди мамлакатимиз терма жамоаси мураббийи, НамДУ қошидаги 2-академик лицейнинг аниқ фанлар кафедраси ўқитувчиси, Касб–ҳунар таълими аълочиси Баҳодир Гулматов. – Шуниси аҳамиятлики, фан олимпиадасида биринчи марта қатнашган давлатлар ўқувчилари ичида Ўзбекистон жамоаси энг юқори натижа кўрсатганлиги учун ташкилотчиларнинг махсус сертификати билан тақдирланди.

Чиндан ҳам бу эътироф ғоят қадрлидир. Ўзбекистон вакиллари хориждаги тенгдошлари билан кечган баҳсларда информатика соҳаси сир-асрорларини қанчалар мукаммал эгаллаётганликларини амалда тасдиқлашга астойдил ҳаракат қилдилар. Дарҳақиқат, математика илмини чуқур ўзлаштирмасдан, мантиқий амалларни зукколик билан ечмасдан, дастур тузиш қобилиятига эга бўлмасдан туриб, рақиблардан устун келиш осон эмасди. Ҳусайн Ҳасанов, Нусратулло Неъматуллаев, Абдурасул Раҳимов ҳамда Ахрор Абдуллаевларнинг астойдил интилишлари, қолаверса тажрибали устозларининг далдаси бесамар кетмади.

Қувонарлиси шундаки, Ҳусайн Ҳасанов, Нусратулло Неъматуллаев, Абдурасул Раҳимовлар келгуси йилда Эрон давлати мезбонлик қиладиган навбатдаги фан олимпиадасида қатнашиш ҳуқуқини берувчи йўлланмани ҳам қўлга киритишди. Иқтидорли ёшларимиз бўлажак синовларга ҳозирданоқ пухта тараддуд кўришяпти. Вилоятимиз вакиллари мураббийлари Баҳодир Гулматов етакчилигида Наманган давлат университети амалий математика кафедраси профессори, физика-математика фанлари доктори Маҳмуджон Бадалов, доцентлар Баҳромжон Саматов, Нуриддин Отахоновлар кўмагида билим ва маҳоратларини оширишмоқда.

-Ўткир зеҳнли ўғил-қизларимизнинг лаёқати уларнинг ўқувчилик чоғларидаёқ юзага чиқади. Билимга чанқоқ фарзандларимизга қанчалик эрта меҳр-эътибор кўрсатсак, улардаги фан ва техника сирларига бўлган иштиёқ шунчалик барвақт куртак ёзади, - дейди профессор Маҳмуджон Бадалов. –Шу боис ҳам кафедрамиз профессор-ўқитувчилари таълим масканларидаги аълочи ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида махсус семинарлар ўтказишмоқда. Эртанги кунимиз эгаларининг чуқур билимли, иқтидорли ва юксак маънавиятли инсон сифатида шаклланишларига баҳоли қудрат ҳисса қўшиш бурчимиз эканлиги доимо ёдимизда. Таълим масканлари билан самарали ҳамкорлик эса ёш авлоднинг фан ютуқларини чуқур эгаллаётганликларида ўз ифодасини топмоқда.

Университетда профессор Маҳмуджон Бадалов раҳбарлигида “Амалий математика ва ахборот технологиялари” бўйича доимий фаолият кўрсатувчи илмий семинарнинг байрам арафасида ўтказилган навбатдаги машғулоти тантанали тус олди. Бир гуруҳ ўқувчи-ёшлар иштирокида кечган анжуманда университет ректори Абусалом Умаров информатика фани билимдонларини жаҳон олимпиадасидаги юқори натижалари билан муборакбод этди. Б. Гулматов Қозондаги олимпиада таассуротлари ҳақида сўзлаб берди. Олимпиадага бағишлаб чиқарилган матбуот нашрида вакилларимиз иштирокига алоҳида ўрин ажратилганлигини фахрланиб гапирди.

Анжуман барчада катта қизиқиш уйғотди. Семинарнинг фаол қатнашчиси бўлган талабалар ўзларининг олиб бораётган илмий тадқиқотлари натижалари юзасидан ҳисобот маърузалари билан чиқдилар. Аввалдан мазкур семинарда қатнашиб юрган, астойдил изланишлари самараси ўлароқ ҳозирда доцентлик мақомига етган Ҳилола Нажмиддинова, Акмалжон Мирзамовлар сингари устоз - профессор Маҳмуджон Бадалов раҳбарлигида олимлик даражасига эришиш учун янада қатъият билан интилишга ваъда бердилар. Олийгоҳ раҳбарияти томонидан уларга илмий ғоя ва кашфиётлари билан нуфузли кўргазма ва танловларда иштирок этиш вазифаси қўйилди.

- Ахборот - коммуникация технологиялари кун сайин тараққий этиб боряпти. Бу эса информатика фани ютуқларини янада мукаммал ўрганишни тақозо этади,-дейди Ҳусайн Ҳасанов. - Келгусида соҳа равнақига ҳисса қўшишга қодир етук мутахассислар сафига қўшилмоқчиман. Шунинг учун ҳам университет олимлари изидан бориб, физика-математикага оид билимларни, чет тилларини, айниқса, инглиз тилини пухта ўрганяпман. Жаҳон олимпиадасида юқори ўринларни эгаллаш билан хориждаги энг нуфузли олийгоҳлардан бирининг грантига сазовор бўлиш бош мақсадимдир.

Қояга чиққан чўққини кўзлайди, деган нақл бор. Баҳодир Гулматов шогирдлари тўрт йилдан бери мамлакат фан олимпиадасида биринчи ўринни банд этиб келишяпти. Ҳусайн Ҳасанов, Нусратулло Неъматуллаевлар эса энди жаҳон даражасидаги энг нуфузли билимдонлар баҳсида ҳам ғолиблик шоҳсупасига кўтарилиш ниятидалар. Уларнинг орзулари ушалишига тилакдошмиз.

Мустақилликнинг илк давридан бошлаб таълим тизимида изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар ана шундай самаралар бермоқда. Бугун ўзбекистонлик ёшлар забт этаётган марраларнинг бўйи басти тобора юксалиб бораётганидан фахр туйяпмиз. Бу буюк аждодларга муносиб ворислар камолга топаётганлигидан далолатдир.

Абдулла ҒОЗИЕВ.