Истиқлол йилларида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишнинг янгидан янги усул ва услублари жорий этилмоқда. Ўтган ҳафтада "Патронаж ойлиги" ниҳоясига етказилиб, кўплаб юртдошларимизга малакали тиббий хизмат кўрсатилган эди. Кеча эса яна бир хайрли тиббий тадбирни амалга оширишга киришилди. Акция дои­расидаги саъй-ҳаракатда иштирок этиш учун Наманганга мамлакатимизнинг етакчи ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, илмий текшириш институтлари ва тиббиёт олийгоҳларининг олим ва фан докторлари, таниқли шифокорлари етиб келишди. Улар бир ҳафта давомида Наманган шаҳрида, Мингбулоқ, Янгиқўрғон, Чортоқ, Норин ва Чуст туманларидаги поликлиникаларда барча туманлар аҳолисини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказадилар. Беморларнинг уйларига бориб малакали тиббий хизмат кўрсатишади.

Тиббий-ижтимоий акция­нинг очилишига бағишланган маросим Наманган шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасида бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов энг улуғ, энг азиз байрам арафасида ўтказилаётган акциянинг эътиборга молик жиҳатларини таъкидлади. Нотиқнинг айтишича, мустақиллик йилларида жамиятимизнинг барча соҳаларида, хусусан соғлиқни сақлаш тизимида ибратли натижаларга эришилгани халқимизнинг саломатлигини асраш, ҳар бир инсоннинг замонавий тиббий ёрдамдан баҳрамандлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Пойтахтлик шифокорлар гуруҳи раҳбари, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Саид Исмоилов мазкур акциянинг учинчи босқичига республикамизнинг энг тажрибали ва малакали шифокор олимлари жалб этилгани, улар саломатлик ҳафталиги давомида аҳолиниг барча қатламларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиши ҳақида гапириб, йиғилганларни турли касалликларнинг олдини олиш ва беморларни даволаш ишларини янада яхшилаш мақсадида ташкил этилган акция имкониятларидан самарали фойдаланишга чақирди.

"Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!" шиори остидаги байрамолди акциясининг дастлабки куни Наманган шаҳри ва Тўрақўрғон туманлари аҳолисига юқори малакали тиббий хизмат кўрсатилди. Марказий поликлиниканинг барча қаватларида офтальмолог, кардиолог, жарроҳ, невропатолог, эндокринолог, терапевт, акушер-гинеколог, педиатр ва бошқа мутахассислар турли ёшдаги беморларни қабул қилишди. Тиббий-ижтимоий тадбирнинг тўла тафсилотлари билан газетамизнинг нав­батдаги сонида танишасиз.