Вилоят "Она ва бола скрининги" маркази 15 йилдан бери аҳолига тиббий генетик хизмат кўрсатиб келмоқда. Унинг вазифаси - болаликдан ногиронликнинг олдини олиш, наслий касалликлар ва туғма нуқсонларни имкон қадар эрта аниқлаш, ўз вақтида бартараф этиш ҳамда соғломлаштиришга эришишдан иборат.

Шу мақсадда барча ҳомиладор аёллар ва янги туғилган чақалоқлар тиббий текширувлардан ўтказиб борилади. Мазкур жараён чоғида кўплаб тиббий асбоб-ускуналардан фойдаланилади. Марказ технологик салоҳиятини юксалтириш диққат марказида турибди. Тиббий текширувларни амалга оширишда қўлланиладиган энг мукаммал асбоб-ускуналар таъминоти изчил йўлга қўйилган. Улар юқори технологияли, ғоят аниқлик билан ишловчи тиббий аппаратлардир.

Мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллиги арафасида ушбу тиббиёт муассасаси фаолиятини янада такомиллаштириш сари муҳим қадамлар қўйилди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қиймати 91 миллион сўмдан ортиқ бўлган энг замонавий кўп функцияли ва ўта аниқлик билан ишловчи ультра товуш аппарати етказиб берилди. Жаҳонга машҳур PHILIPS компанияси томонидан ишлаб чиқарилган янги авлод қурилмасининг афзаллиги шундаки, у ҳомиладаги нуқсонни мумкин қадар барвақт аниқлаш ва тўғри ташхис қўйиш борасида жуда катта имкониятларга эга.

- Аппарат кўп функцияли бўлиб, ҳомиладаги ривожланишнинг туғма нуқсонларини, айниқса кўриниши қийин бўлган лаб-танглай, юз қисмидаги, юрак туғма нуқсонларини ва ҳозирги кунда кузатилаётган Даун хас­талигини аниқлашда юқори самара бермоқда,- дейди марказ директори Насиба Расулова.

Ўтган ойда ҳам муассаса яна бир туҳфа олди. Марказ лаборатория бўлимидаги чақалоқларни тиббий текширувдан ўтказувчи кўп функцияли "Делфия-Виктор" ташхис аппарати тўплами учун 50 миллион сўмлик эҳтиёт қисмлари олиб берилди. Мазкур жиҳоз келажакда нуқсонга олиб келувчи туғма гипотиреоз ва фенилкетонурияга текширишни автоматик равишда тез ва бехато бажаради.

- Тиббиёт муассалаларининг моддий-техник жиҳатдан ривожлантириш борасида изчил иш олиб борилмоқда. Жумладан, биргина "Саломатлик-3" лойиҳаси асосида жорий йилнинг 6 ойи давомида 1 миллиард сўмга яқин замонавий тиббий жиҳозлар таъминотига эришилди. Булар - автоклав, дистилятор, УТТ аппаратлари, 3 дона рақамли рентген аппаратлари ва бошқа тиббий жиҳозлардир, - дейди бюро координатори Дилмурод Қодиров.

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига марказлашган тартибда харид қилинган қиймати 110 миллион сўмликдан ортик, Германияда ишлаб чиқарилган 3 та гемодиализ аппарати олиб келиниб ишга солинди. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалига 21 миллион сўмлик, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалига эса 37 миллион сўмлик тиббий жиҳозларнинг эҳтиёт қисм­лари етказиб берилди. Шунингдек, мазкур муассасаларга қиймати 47 миллион сўмлик сунъий нафас олиш аппаратлари ҳам келтирилди.

Мана бу рақамларга эътибор беринг: "Саломатлик-3" лойиҳаси бў­йича вилоятимиз соғлиқни сақлаш тизимига жами 10 миллион 327 минг АҚШ доллари қийматида тиббий жиҳоз ва анжомлар, асбоб-ускуналар келтирилиши режалаштирилган. Ҳозиргача 2 миллион 749 минг АҚШ доллари қийматидаги эҳтиёж қондирилди. Жорий йилнинг ўзида эса 1 миллион 239 минг 996 АҚШ доллари қийматида таъминот амалга оширилади.

Бу эзгу мақсадлар пировардида вилоятимиз тиббиёти технологик жиҳатдан янги поғонага кўтарилади. Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати янада яхшиланади ва самарадорлигини оширишга эришилади.

Ўз мухбиримиз.