Тиббий хизмат сифатини яхшилаш ва самарадорлигини ошириш мақсадида ташкилланган ойлик Поп туманида ҳам самарали якунланди. Таъкидлаш жоизки, туман тиббиёт бирлашмаси тизимида мазкур ижтимоий-тиббий тадбирга пухта тараддуд кўрилди. Жараён ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасига мувофиқ ташкил этилди.

Ўша кунлари туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси жамоасининг изчил фаолиятига гувоҳ бўлдик. Тиғиз жадвал асосида врачлар ва ҳамширалар ҳар куни хонадонларга боришди. Иш натижалари кунма кун таҳлил этиб борилди. Айниқса ногиронлар, кам таъминланган оилалар, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кишилар алоҳида ғамхўрлик оғушида бўлдилар.

- Муассасамиз 31 минг нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатади, - дейди поликлиника мудири Фаридахон Умарова. - Патронаж ишларига 56 нафар врач ва 78 нафар ўрта тиббиёт ходими жалб қилинди. Уларнинг вилоят эндокринология, тери-таносил касалликлари, онкология диспансерлари ҳамда вилоят ОИТСга қарши кураш маркази мутахассислари билан ҳамкорликдаги интилишлари боис аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлашга эришилди.

"Патронаж ойлиги" доирасидаги тиббий тадбирлар қишлоқ жойларида ҳам қизғин тус олди. Вазифа масъулиятини чуқур ҳис қилган тиббиёт ходимлари оилаларда кенг кўламли тиббий текширувларни амалга оширдилар.

- Шу билан бирга аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш ва соғ­лом турмуш тарзи ҳақидаги тушунчасини бойитишга ҳаракат қилинди, - дейди "Хўжаобод" қишлоқ врачлик пункти мудираси Ҳафизахон Жалолова. - Қишлоқдаги 1,5 мингга яқин хонадонларда яшовчи салкам 8 минг кишининг соғлом ҳаёт кечиришини таъминлаш учун барча имкониятларга эгамиз. Ойлик давомида бу борадаги ишларимизни янада кучайтиришга эришдик.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассислар гуруҳи қуйи тиббий-санитария бўғинидан тортиб, вилоят даволаш-профилактика муассасаларига бўлган босқичлардаги патронаж тадбирларини мувофиқлаштириб турди.

- Ойлик мобайнида 1219 нафар врач ва 4370 нафар ҳамшира патронаж тадбирларига жалб этилди. 480 мингдан ортиқ хонадонга тиббиёт ходимлари ташриф буюришди, - дейди бошқарма бош мутахассиси Зулфия Мамаджонова.

- Қайси замонда эл соғлиғи учун шу қадар ғамхўрлик қилинган? Шифокорлар инсонларнинг саломатлиги ҳақида қай­ғуриб қачон уйма-уй юришган? Бу - фақат мустақиллик йилларидагина, истиқлол шарофати билангина рўёбга чиқди, амалиётга айланди,- дейди мингбулоқлик меҳнат фахрийси Абдуқаҳҳор ота Турдиев. - Олиб борилаётган тиббий тадбирлардан кексаю ёш бирдай баҳраманд бўляпмиз. Илгари бетоб кишиларгагина эътибор қаратилган бўлса, эндиликда саломат фуқаролар ҳам шифокор кўригига чорланяпти. Одамларнинг умри узаяётгани ҳам шундан. Халқ бахту саодати йўлидаги эзгу ишлардан беҳад миннатдормиз.

Абдулла ҒОЗИЕВ.