Қурама тоғ тизмаларига туташиб кетган улкан майдонни эгаллаган, 29 минг нафардан зиёд аҳоли яшайдиган Чодак бугунга келиб нафақат юртдошларимиз, балки хорижликларнинг ҳам эътиборини тортаётганлиги сир эмас. Истиқлол даврида у диёримизнинг энг ҳушманзара ва ҳушҳаво масканлари қаторидан ўрин олди. Айниқса кейинги йилларда аср мўъжизаси дея таърифланаётган Поп-Ангрен электрлаштирилган темир йўлининг қишлоқ ҳудудидан ўтганлиги, ушбу йирик иншоотни барпо этиш пайтида амалга оширилган мислсиз бунёдкорлик ишлари боис ҳудуд қиёфаси тубдан ўзгариб кетди.

Аввало, уйлар замонавий дизайн ва меъморчилик ғоялари асосида янги кўринишга келтирилганлиги, ҳар бир ҳовлини ўзига хос тарзда кўркамлаштириш саъй-ҳаракатида каттаю кичик чодакликлар фаол иштирок этишаётганлиги қувонарли ҳол, албатта. Чунки, иқлими ва географик жиҳатидан бағоят қулай тоғолди ҳудудда жойлашган қишлоққа ташриф буюрувчиларнинг сони кун сайин кўпаймоқда.

Оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборот гуруҳнинг бу ерга келиши ҳам бежиз эмасди. Меҳмонлар дастлаб "Давр" дам олиш масканига тушишди. Чодаксой соҳилидаги мазкур даргоҳда кечган мулоқот аввалида вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи, таниқли шоир Зиёвиддин Мансуров мустақиллик айёми арафасидаги ташрифнинг мақсад ва вазифалари ҳақида тушунча берди. У истиқлол йилларида муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида мамлакатимизда рўй берган буюк ўзгаришларни, мустақиллик шарофати билан амалга оширилган асрларга татигулик эзгу ишларни эътироф этар экан, халқ турмуш фаровонлиги тобора юксалиб, Ватанимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи тобора ортиб бораётганлигини мамнуният билан таъкидлади.

Муҳтарам Президентимизнинг Наманганни равнақ топтиришга алоҳида эътибор қаратаётганликлари, вилоятни янада тараққий эттириш мақсадида ишлаб чиқилган улуғвор лойиҳаларнинг беқиёс кўлами изоҳлаб берилди.

Поп-Ангрен электрлаштирилган темир йўлининг улуғ мақсадларни кўзлаб қурилганлиги, яқин келажакда иқтисодиётимиз гуркираб ривожланишида тоғлар оша ўтган йирик муҳандислик иншоотининг хизмати катта бўлишига ишонч билдирилди. Мана шундай улуғвор ишларни, хал­қимизнинг яратувчилик меҳнатини, фидойи юртдошларимизнинг интилишларини кенг ёритиш ҳар бир ижодкорнинг бурчи эканлиги айтилди.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Ўғилой Болтабоева журналистларга вилоятда туризмни ривожлантириш мақсадида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида гапириб берди. Жумладан, туризм соҳасини янада ривожлантириш ва туризм экспортини кўпайтириш мақсадида 2016-2017 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар белгиланган. Дастур 130 та лойиҳани қамраб олади. Вилоятнинг иқлими ва табиий ресурс­ларидан келиб чиқиб, маданий туризм, экотуризм, тиббий туризм, спорт туризми, агротуризм, гастрономия туризми, овчилик ва шоппинг йўналишларини йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда. Шу ўринда Чодак ҳам яқин орада саёҳатчилар қадам ранжида қиладиган туризм масканларидан бири бўлиб қолишига шубҳа йўқ.

- Ҳудудга келиб-кетувчилар сони ортиб бораётганлигини кўриб, уларга муносиб шарт-шароитлар яратадиган инфратузилмани вужудга келтириш долзарб вазифа сифатида кун тартибига чиқди, - дейди "Лордген Бизнес" масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Илҳомжон Нортожиев. - Шу мақсадда дам олиш маскани ҳудудида энг замонавий лойиҳа асосида меҳмонхона қуришни бошладик. 44 ўринли ҳордиқ масканининг биринчи нав­бати ишга туширилди.

Қишлоқ узра борар эканмиз, янгидан янги қад ростлаётган ҳордиқ чиқариш масканларига кўзимиз тушди. Дам олиш ва юртимиз табиатининг гўзалликларидан баҳраманд бўлиш учун келадиган саёҳатчиларни ўз бағрига оладиган оромгоҳлар тармоғини кенгайтириш билан барча баҳоли қудрат машғул. Бу эзгу ишда ташкилот ва корхоналарнинг жамоалари ҳам фаоллик кўрсатишяпти.

- Чодакнинг ўзига ҳос сўлим табиати жамоамиз аҳлининг ҳам эътиборини тортди. Улар учун тоғ ён бағрида алоҳида дам олиш маскани қуриб битказдик. Бу ерда ёзда ҳам, қишда ҳам дам олиш ва саломатликни тиклаш учун ҳамма шароитлар муҳайё. 6 та уйчадаги имкониятлар шаҳардагидан қолишмайди, -дейди Фарғонадаги "Кварц" акционерлик жамияти касаба уюшмаси қўмитаси раиси Баҳодир Ҳусанов.

Чодак қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Пўлатжон Аъзамовнинг айтишича, туризм хизматлари кўламини янада кучайтириш борасида астойдил ҳаракат боряпти. Тез орада қишлоқ инфратузилмаси бутунлай ўзгартирилади. Келгусида юртимиз саёҳатчиларидан ташқари чел эллардан сафарга отланган туризм ишқибозларига ҳам малакали ва сифатли хизмат қўрсатадиган ўнлаб шаҳобчалар очилади.

Сафар баҳона туризм йўналишидагина эмас, балки аҳоли турмуш фаровонлигини янада яхшилаш соҳасидаги ибратли ишлардан ҳам воқиф бўлдик. Тоғ ён бағирларини туташтирувчи темир йўл кўпригининг маҳобатидан ҳайратга тушдик. Буюк неъмат - истиқлол ато этаётган беқиёс имкониятларга тасаннолар айтдик.

Абдулла ҒОЗИЕВ.