Бу сафарги ўқув-амалий маш­ғулот "Одам савдосига қарши кураш ҳамда ноқонуний миграциянинг олдини олишга оид қонунлар ижросини таъминлашда масъул идоралар фаолияти самарадорлигини ошириш"га бағишланди. Унда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Абдулходи Иминов тизимдаги ишлар юзасидан маъруза қилди.

- Одам савдоси жабрдийдаларига алоҳида эътибор берилмоқда, - дейди маърузачи сўзининг аввалида, - бу борада бизларга 2008 йилнинг 17 апрелида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида"ги қонуни дас­туриламал бўлмоқда. Қонунга мувофиқ мазкур соҳадаги муносабатлар изчил тартибга солиб келинмоқда. Айни маҳалда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 8 июлдаги "Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-911-сонли Қарори талабларига мувофиқ Республика соғлиқни сақлаш вазирлиги чиқарган қатор буйруқлар асосида иш юритилмоқда.

Жумладан, одам савдосига қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия аъзолари билан ҳамкорликда фаолият олиб борилмоқда. Яъни норасмий ва узоқ муддат хорижда бўлиб қайтган, депортация қилинган, одам савдосидан жабрланган фуқаролар тўғрисида маълумотлар алмашинуви доимий йўлга қўйилган. Ана шундай шахсларнинг тўла тиббий кўрикдан ўтказилиши таъминланмоқда. Агар касаллик аниқланса, уларни аввало, амбулатор, зарур бўлса стационар шароитда соғломлаштириш амалга оширилмоқда.

Одам савдосига қарши курашиш бўйича ҳудудий идоралар­аро комиссия томонидан Республика реаблитация марказига юборилаётганларнинг ҳар бири бирламчи тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реаблитация маркази томонидан соғ­ломлаштирилган ҳар бир фуқаро яшаш жойига юборилгандан кейин ҳам тиббий кўрик ташкилланиб, диспансер назоратига олинмоқда. Касаллигини даволаш режа асосида давом этирилмоқда. Зарурат туғилса, бошқарма томонидан республиканинг ихтисослаштирилган муассасаларида керакли тиббий ёрдам уюштириш имконияти яратиляпти.

Вилоят шаҳар ва туманларида тарғибот тадбирларининг таъсирчанлигига эришиляпти. Аҳоли ўртасида одам савдосининг инсонлар саломатлиги ва ҳаётига таҳдид солиши, тиббий, руҳий, ижтимоий асоротлари ҳамда уларнинг олдини олиш хусусида суҳбатлар ташкилланяпти. Тиббиёт мутахассислари ишлари кенг кўламли. Қишлоқ врачлик пунктлари билан маҳалла фуқаролар йиғинлари, ҳудудий профилактика инспекторлари, коллежлар ва мактабларнинг доимий ҳамкорлиги ўрнатилган. Биргаликда учрашувлар, давра суҳбатлари, савол-жавоб кечалари ўтказилмоқда. Бу борадаги ишлардан матбуот саҳифалари орқали аҳоли бохабар этилмоқда.

Мабодо соғлиқни сақлаш тизимида ҳам одам савдосига қарши курашиш борасида муаммоларга дуч келинса, мутасадди ташкилотлар билан ўз вақтида ҳал этишга ҳаракат қилинмоқда. "Нега бундай кенг миқёсдаги тадбирлар ташкилланмоқда?" деган саволга очиқчасига жавоб берилса, одам савдосининг жабрини торт­ганлар нафақат ўзига, балки атрофдагиларга ҳам хавф туғдириб қўйишлари эҳтимолдан холи эмас. Меҳнат мигрант­лари борган давлатида инфекция юқтириб олгач, ўзининг ОИВ бўйича статусини билмасдан туриб, ўз юртига қайтганидан сўнг оила аъзоларини зарарлаши мумкин. Ўз юртига депортация қилинган ОИВ инфекция­сини юқтириб олган шахслар буни яширишлари янада хавфли. Улар бу билан ўз турмуш ўртоқларининг соғ­лигига ҳам жиддий путур етказадилар. Оқибатда ОИВ инфекцияси юққан болалар туғилиши сони ортади, кейин бу инфекция аҳолининг умумий қатламига сингиб боради.

Демак, тиббий кўрик, сўнг даволаниш жараёни қатъий назоратда туриши шарт. Буни унутиш ёки лоқайдлик жамият учун ҳам ғоят қимматга тушиши аниқ. Бемор ҳам, шифоқор ҳам виждонан иш тутиши ғоят зарур.

Ўқув-амалий машғулот қатнашчилари маърузани тинглашгач, одам савдосининг оқибати уқубатли эканини янада теранроқ англаб етдилар. Савол-жавобларда эса бу борадаги фаолиятни тобора такомиллаштириш масалаларига диққат-эътибор қаратилди.

Ўз мухбиримиз.