Семинарни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Мухторжон Жўрабоев очди ва олиб борди. Сўнгра Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 25 августдаги "Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида"ги ПҚ-451 сонли ҳамда 2014 йил 6 февралдаги "Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-2124 сонли қарорлари ижросини таъминлаш борасидаги ишлар сарҳисоб қилинди.

Дастлаб йиғилганларни вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан тиббиёт муассасаларида ўтказилган мониторинг натижалари тафсилоти билан гуруҳ аъзоси Иброҳимжон Отамирзаев таништирди. Ютуқ ва камчиликлар таҳлил этилиб, вазифалар янада ойдинлаштириб олинди.

Сўнгра бошқарма Маънавият ва маърифат Кенгаши масъул котиби Абдуллажон Ғозиев ВССБ тизимидаги муассасаларда Президентимизнинг ҳар икки муҳим қарори ижросини тўла таъминлаш билан боғлиқ вазифаларни слайдлар воситасида тушунтирди. Бошқарма бош ҳамшираси Райҳона Мансурова эса Республика Соғлиқни сақлаш вазирининг 2016 йил 20 январдаги 34-сонли "Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги барча бошқарув аппарати, тиббиёт даволаш-профилактика ҳамда олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, ташкилот, корхоналардаги ходим ва талабаларнинг тиббий деонтологияси ва маданияти тўғрисида"ги буйруғи ва Низомни слайд­лардан фойдаланган ҳолда батафсил шарҳлаб берди.

"Маънавият ва маърифат ойлиги" доирасидаги тадбирлар таъсирчанлигини янада ошириш мақсадида шоир ва публицист Содиқ Сайҳун маънавиятчилар учун сўз мулкининг султони Алишер Навоий ижоди бебаҳо хазина эканлигини ўзининг сермазмун маърузаси билан яна бир бор исботлади.

Анжуманда "2015 йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчилари" кўрик-танлови ғолибларига Дипломлар ва эсдалик совғалари ҳам тантанали топширилди.