Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлигини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида"ги қарорига биноан комплекс чора-тадбирлар белгиланиб, изчил амалга оширилиб келинаётгани бу борадаги масъулиятимизни тобора оширишимизни тақозо этади.

"Соғлом она ва бола йили"ни янги режалар, эзгу ниятлар билан бошлаганмиз.

Жорий йилдан поликлиникамиз жамоаси оналар ва болаларга кўрсатилаётган тиббий хизмат самарадорлигини оширишга, аҳоли ўртасида туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ҳомиладор аёлларга мунтазам психофизиологик ҳолатини яхшилашга доир кўрсатмалар бериб борилмоқда. Шунингдек, саломатлик ҳафталиклари, чуқурлаштирилган тиббий кўриклар аҳамияти тўғрисида тарғибот тадбирлари изчил уюштирилаётир. Ўсмир ёшдаги қизлар - яъни, бўлғуси оналар соғ­лигини ҳам доимий назоратимизга олганмиз.

Шу ўринда муҳтарам Прези­денти­мизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги "Ҳақиқатан ҳам, болага эътибор бўлажак онага эътибор қаратишдан бошланиши керак. Чунки ҳомиладор аёлнинг руҳий-физиологик ҳолати, барча ҳис-туйғулари, кайфияти она вужуди орқали болага ўтади. Бундан хулоса шуки, болани эъзозлаш учун аввало онани эъзозлаш керак. Бу борада барчамиз масъул эканимизни унутмаслигимиз зарур", деган сўзлари бизларни эзгу мақсадлар йўлида астойдил фаолият юритишга ундайверади.