Сарҳисоб қилинган "Кексаларни эъзозлаш йили"даги эришилган натижалар кимни қувонтирмайди дейсиз. Умумжаҳон миқёсида бизнинг мамлакатимиз юксалиш борасида юқори кўрсаткичли давлатлар қаторида эканлиги кўнгилларимизда фахр уй­ғотади. Бу, албатта, аҳоли даромадларини янада кўпайтириш, одамларимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш учун катта имкониятлар яратилишига мустаҳкам асос бўла олади.

Мажлисдаги маърузада айтилганидек, тиббиёт муассасаларини таъмирлаш, реконструкциялаш, уларнинг моддий-техника базасини бойитиш соҳасидаги кенг қамровли дастурнинг ижроси изчил таъминланаётгани учун кейинги беш йилда мамлакатимизда ҳар 100 мингта чақалоққа нисбатан оналар ўлими 23,1 дан 19 тага, 5 ёшгача бўлган болалар ўлими 14,8 тадан 13,9 тага, чақалоқлар ўлими 11 тадан 10,7 тага камайди. Ушбу кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига тўлиқ эришди. Юртбошимиз томонидан 2016 йилнинг марралари ҳам аниқ белгилаб берилди.

Йилимизни "Соғлом она ва бола йили" деб номланиши биз - тиббиётчилардан зиммамиздаги масъулиятни ҳар қачонгидан ҳам чуқурроқ ҳис этишни талаб қилади. "Бу борада қабул қилинадиган давлат дастурида, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада мустаҳкамлаш, перинатал ва скрининг марказлар, патронаж хизматларнинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳиятини шакллантириш ва мустаҳкамлаш, ёш оналар ва болаларни парвариш қилиш даражаси ва сифатини ошириш, оилада соғлом маънавий муҳит яратиш, қиз болаларни жисмонан соғлом ва интелектуал ривожланган этиб тарбиялаш, уларнинг академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида таълим олиши, спорт билан мунтазам шуғулланишини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Ушбу Дастурга мувофиқ кенг қўламли ва моҳиятига кўра улкан ишларни амалга оширишимиз лозим".

Бу вазифаларни кунма-кун, ҳафтама-ҳафта, ойма-ой изчил бажарилиши сиз билан бизнинг фидокорлигимизга, бор куч, бор билим, бор тажриба ва бор ғайрат шижоатимизни соҳамиз ривожига ҳеч аямасдан сарфлай билишимизга боғлиқлигини кеча-кундуз унутмаслигимиз шарт. Умумюксалишга муносиб ҳисса қўшиш улкан шараф экан, айни вақтда улкан масъулият ҳамдир. Зеро, халқ саломат бўлса, унинг меҳнат қобиляти асло сусаймайди. Фаол меҳнат-юқори натижа касб этади. "Эл соғ­лиғи - юрт бойлиги" нақли ҳам шундан туғилган. Демак, бизнинг ҳалол ва сидқидил хизматларимиз мамлакатимиз иқтисодиёти барқарор тараққиётини таъминлашнинг етакчи омилларидан бири бўлиб қолаверади.