Ота-боланинг орзу умидлари бежиз бирлашиб кетмаганди.

- Оиламизда ўқитувчи бор. Энди сизни дўхтирликка ўқитсакмикан?- деганларида Абдусаттор ҳеч иккиланмаганди.

- Андижонга жўнайми, ё Тошкентга борганим маъқулми?

Бу саволи билан ҳамфикрлигиниям изҳорлаб, яна фарзандга монанд одоб ва тавозениям унутмаганди. Ҳозирги ибора билан айтганда, маънавияти бой болалигини яққол кўрсатганига ишончимиз комил. Негаки, фарзанднинг инсоний камолоти кичиклигидан шаклланади, шунга яраша ҳаётга қарашлари ҳам, эҳтиёжлари ҳам.

2013 йили Абдусаттор Тўйчибоевни Тўрақўрғон туман тиббиёт бирлашмаси Маънавият ва маърифат Кенгаши котиблигига таклиф этишганида унинг шифокор анестезиолог-реаниматолог устозлари Муродилла Мамадалиев ва Абдухалил Жўрабоевлар бежизга хурсанд бўлишмади. Сабаби, 1989 йили Андижон Давлат тиббиёт институтидаги етти йиллик таҳсилини муваффақиятли якунлаган, Украинанинг Запорожье вилоят клиник шифохонасида интернатурани ўтаган, 1990 йилдан буён марказий шифохонада анестезиолог-реаниматолог врач сифатида қарийб чорак аср ёнма-ён фаолият юритган шогирдининг бошқаларга ўхшамаган яна бир ибратли томони раҳбарлар назаридан четда қолмагани учун устозлари Абдусаттор номзодини қўллаб-қувватлаш билангина кифояланишмади, айни вақтда рағбат ёғдиришди.

- Сиз янги вазифанинг ҳам бемалол уддасидан чиқасиз, икки соҳада бирдай яхши фаолият юритиш қўлингиздан келади, биламиз кўп ўқийсиз, оғзаки нутқингиз бой, маънавий тар­ғиботга сиздай врач бош-қош бўлса, тадбирларнинг мазмундорлигиям, таъсирчанлигиям юқорилайверади.

Устозлар ҳақлигини Абдусаттор икки йилдан ортиқроқ вақт мобайнида амалда тўла исботлади. Ўз ҳолига ташлаб қўйилган, етарли эътибор қаратилмаган, қоғозда бору амалда йўқ тадбир режалар билан кифояланган жабҳага энди чинакамига жон киритилди. Дастлаб маънавият ва маърифат хонасининг қиёфаси ўзгартирилди. Жиҳозлардан тортиб, замонавий аппаратларгача жойлаштирилди. Деворлар кўргазмали ташвиқот воситаси - плакатлар билан безатилди. Президент асарлари, давлат рамзларигача кўринарли жойга қўйилди. Газета-журналларнинг таҳламлари ҳафтама-ҳафта, ойма-ой янги сонлари ҳисобига қалинлаб бориши дои­мий назоратга олинди. Натижада хона ҳар жиҳатдан маънавий- маърифий масканга айлантирилди. Абдусатторнинг иш столида ҳамиша Президентимизнинг "Юксак маънавият-енгилмас куч" китоблари туради. Шифокорларни руҳан покланишига, қалбан улғайишига чорлашга, уларнинг ички дунёси ва иродасини бақувват, иймон-эътиқодини бутун қилишга, виждони уйғоқлигини таъминлашга қодир куч- маънавиятни шу китобдаги ғояларга астойдил таянган ҳолда олиб боради.

- Маънавий таҳдидлар кучайган ҳозирги шароитда биз тарғиботчилар зиммасидаги вазифалар масъулияти ҳар қачонгидан юқори эканлигини бирор дақиқа эсдан чиқармаслигимиз шарт,-дейди Абдусаттор Тўйчибоев.- Бугунги тингловчиларни қуруқ ваъзхонлик билан ишонтириш қийин. Уларга энг замонавий аппаратлардан ўринли фойдаланиб, кўргазмали бўлганда ҳам жонли-аниқроғи ҳаракатдаги овозли тасвирлар орқали таъсир этишнинг энг самарали усулларидан фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз. Аввалом бор ўзим яхши "қуролланиб" олишим зарурлигини ҳар доим чуқур ҳис қиламан. Ҳаммасини батафсил айтиб ўтишнинг зарурати йўқдиру, биргина манбани мен фаолиятим учун жуда фойдали деб ҳисоблайман. Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг "Маънавият ва маърифат" телеканали ҳар куни эрталаб 6.00 да "Мерос" кўрсатувини эфирга қўяди. Уларда буюк аждодларимиз, кўҳна қадамжоларимиз ҳақида туркум кўрсатувлар берилади. Мен энг аҳамиятлиларидан 15 дан зиёдини флешкамга тушириб, алоҳида файлда сақлаб келаман. Президентимиз Ислом Каримовнинг Олий Мажлис ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашларининг сессияларида, тантанали анжуманларда сўзлаган маъруза ва нутқлари ёзилган қатор дискларни ҳам тўплаб бораман. Булардан маънавият соатларида ўринли фойдаланиб келаяпман. Шифокорларимизга қисқа метражли ҳужжатли фильмларни намойиш этиб, тушунтириб борарканман, маънавий-маърифий тадбирларимизга ўз-ўзидан қизиқишлари кучаяётганини эътироф этишмоқда. Ҳатто ҳужжатли фильм­лардан уйларида оилавий кўриш учун ўзларининг флешкаларига кўчириб олишаётгани шундан далолат эмасми?!

Маънавиятчи инсон учун ўқиш ва уқишнинг ғоят муҳимлигини Абдусаттор теран ҳис қилади. Йўқ-йўқ, ҳис қиладигина эмас, буни оддий турмуш тарзининг ажралмас қисмига айлантиришга аллақачонлардан буён одатланган. У фақат бадиий асарларнинггина эмас, сиёсий адабиётларнинг ҳам мағзини чақиб ўқиб ўрганганлиги, айниқса ибратлидир. Тарғиботчи учун эса бу жуда-жуда асқотади. Гапирган гапини ҳаётдаги ҳодисалар асносида далиллаш ҳар бир чиқишга мазмундорлигу таъсирчанлик бағишлайди. Чунончи, Президентимиз Ислом Каримовнинг "Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш-энг олий саодатдир" китоби билан танишгач, бирлашма тиббиёт ходимлари ўртасида тақдимот тадбирини уюштирганда бунинг бевосита шоҳиди бўлдик. Юртбошимизнинг китобидаги фикрларини у ҳаётий мисоллар билан далиллаб, маърузасига ўзгача жон киритиб юборди.

- "Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?"- деган саволга ҳар биримиз ўзимизнинг турмушимиздаги беқиёс ўзгаришлардан жавоб излаб кўрайлик, - деди Абдусаттор ҳамкасбларининг тадбирдаги фаоллигини ошириш учун. - Бир воқеани худди кечагидек эслайман. Ўшанда 1990 йили эди. Устозимиз Абдухалил ака хонага қувониб кириб келдилар.

- Табрикланглар мени, рангли телевизор олдим, - дедилар мамнуният билан.

- Рангли-и-и, қаерда сотиляптийкан, қанча тураркан, зўр кўрсатса керак?-дея ҳайрату ҳавасимизни яширолмадик савол устига саволни қатлаб.

- Ойлик маошимиз аслида телевизорнинг баҳосига етмайдию, кредитга олишга мажбур бўлдим, ойма-ой қарзни узиб боравераман, жуда қизиқаётган бўлсаларинг бугун кечқурун уйимизга меҳмонга таклиф этаман, - дедилар шодликларини бирга баҳам кўриш учун.

Албатта, устозни қутлагани бордик. Телевизорнинг кўрсатишига гап йўқ эди-ю, нархи қиммат, бунинг устига қўпол, оғирлиги 60 килоча келарди. Лекин барибир бизлар ҳам шундай телевизор кўришни орзулаб қайтдик.

Ана энди таққослайлик. Бугун қандай? Рангли телевизор янгилик ҳам эмас, орзу ҳам эмас. Ҳаммада бор. Нархи ҳам арзон. Бир ойликка 2-3 тасини олиш мумкин. Ихчаму енгиллигини айтмайсизми. Ҳозир айримлар 2 тадан рангли телевизорга эга. Болаларга алоҳида, катталар учун алоҳида. Ҳатто автомашина салонидаям митти рангли телемониторлар ўрин олишини ким ҳам хаёлига келтирибди. Бу юксалишми? Юксалиш! Бу мўъжизами? Мўъжиза! Аллоҳ берган истиқлол шарофатидан баҳрамандлигимизнинг атиги бир бўлаги,  холос.

Мустақиллик бизларга беҳад қадр бергани, Ватанга беҳад қудрат бергани, кўнгилга беҳад фахру ифтихор бергани шу эмасми!..

Ўтирганлар иқрорлик туюшиб, беихтиёр қарсаклар билан маърузачини олқишлашди. Дил-дилдан ва самимий чалинаётган қарсаклар юртга садоқатли халқимизнинг шундай саодатли кунларига шукронасини ҳам яққол ифодаларди маънавий тадбирнинг унутилмас лаҳзаларида.

Абдусаттор эса истиқлолли Ўзбекистоннинг чин иқболли фарзанди сифатида сўз билан ҳамкасблари қалбини чинакамига тўл­қинлантириб юбора олганидан мамнунлик кайфиятини туйган бўлса ажабмас. Воизликнинг завқи-шавқи ҳам тингловчиларни ром айлаши, қалбларини сеҳрли сўзларнинг сертаъсир сафлари билан забт этишида-да.

Абдусаттор ўз устида тинмай, қунт билан ишлайди. Тадбирларига таклиф этилган тарғиботчи воиз меҳмонларнинг энг яхши жиҳатларини зимдан кузатиб, ўзлаштиришга интилади. Бу борада шоир Зиёвиддин Мансурдан, олим Бахтиёр Исҳоқовдан, педагог Абдурашид Раҳимовдан ўргангани анчагина. Республика Маънавият тарғибот марказининг курсида сабоқ олган чоғида эса сўз устаси Фарҳод Бобожонов, сиёсий шарҳловчи Қобилбек Каримбековларнинг маҳорат сирларидан баҳрамандликдан зўр қониқиш ҳис қилди. Эндиликда буларнинг барчаси тиббиётчилар ўртасида олиб бораётган маънавий анжуманлар самарадорлигини таъминлашида жуда асқотаётгани амалда аён кўринаётир. Тадбирларнинг ранг-баранглигига эса у ТТБ хотин-қизлар қўмитаси раиси Фароғат Абдуллаева билан изчил ҳамкорлиги туфайли эришаётир.

2015 йил Абдусаттор Тўйчибоев ҳаётида унутилмас из қолдирди. Вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси Маънавият ва маърифат Кенгаши томонидан ташкилланган "Йилнинг энг фаол маънавият тар­ғиботчиси" кўрик- танловида фахрли биринчи ўринга лойиқ топилгани ҳақидаги хушхабар нафақат ўзи учун, оиласи учун Янги йил байрами қувончини қўшалоқлади. Дарвоқе, умр йўлдоши 48-мактабда бошланғич таълим муаллимаси Маҳмуда Тўйчибоева билан икки ўғилу, икки қизга ҳам ота-она, ҳам тарбиячи сифатида ўрнак тимсолига айланишганидан кўнгиллари фахр туйғуларига тўлиб-тошгани табиий, албатта.

Янги йилнинг навбатдаги тонги отди. Ана "Матиз" машинаси Шаҳанддан Тўрақўрғон сари йўл олди. Унинг рулини бошқариб, ишга бораётган Абдусаттор Тўйчибоев йўлнинг икки ёнидаги ободончиликларга нигоҳ ташлаб, истиқлолли юртнинг бугуни ва эртаси ташвишида ҳар томонга ошиқаётган ҳамқишлоқларига меҳр билан боқиб, Ўзбекистон аталмиш ягона ва бетакрор Ватан равнақи учун фидойи инсонларнинг соғлигини сақлаётган ҳамкасбларини маънавий баркамолликка етаклаётгани ҳамиша кайфиятига кайфият қўшаётганига ишончимиз комил. Чунки, қачон унга рўбарў келмайлик, очиқ чеҳрасига ярашган табассумли қиёфасидан беихтиёр шуни уқамиз.

Содиқ САЙҲУН.