Биз бу ерда бўлганимизда энг аввало, ҳовлидаги орасталик, озодаликдан баҳри дилимиз яйради. Хоналардаги қулай шароитлар эса беморларга давр талаблари даражасида хизмат кўрсатиш имконини бераётганига ишонч ҳосил қилдик.

- Жамоамизда 3 нафар врач, 13 нафар ўрта тиббиёт ходимлари фаолият юритади. "Энг яхши ҚВП" қаторидан ўрин олганимиздан қувонган ҳолда янада астойдил ишлаймиз. Тиббиётдаги ислоҳотлар, қуйи тизимга эътибор туфайли шифо масканимиз кексаю-ёшнинг дардига малҳам бўладиган жойга айланди. Бу ютуқларда умумий амалиёт шифокорлари Замира Боймишева, Венера Кинзебулатова, катта ҳамшира Сайёра Абдураҳмонова, доя Малоҳат Абдураҳимова, муолажа ва эмлаш ҳамширалари Гавҳарой Шерматова, Маъмура Абдувалиева ҳамда патронаж ҳамширалари Дилнавоз Рўзиматова, Шаҳноза Бўронова, Насиба Далибоева, Жамила Сулаймонова ва бошқа ўрта ва техник ходимларимизнинг муносиб ўрни, ҳиссалари бор, - деди ҚВП мудираси Сайёра Болтаева.

Билдикки, шифо маскани жамоасининг ҳар бир ходими ўз касбини севиб, ардоқлайди. Хоналарнинг озодалиги ва уларнинг хушмуомаласи бемор кайфиятини ҳам кўтариб юборади.

- Қизим Муфассал Ҳусанова бугун бир ойлик бўлди. Патронаж ҳамширамиз хонадонимизни назорат қилиб туради. Лекин мен шифокоримиз Замирахон опага чақалоғимни тиббий текширувга, улардан маслаҳатлар олишга олиб келдим. Қизимнинг саломатлиги яхши экан. Бир вақтда ўзимни ҳам соғлигимни текширтириб оламан, - деди миннатдор ҳолда ёш она Зулҳумор Мадиёрова.

- Муфассалхоннинг оналарини туғиш давригача соғликлари назоратимизда бўлган. Вазирликнинг 156-сонли буйруғи бўйича "Витрум прентал" дорисидан ичиб бориш тавсия этилган. Ҳозирда чақалоқ соғ­лом туғилиб,  2-босқичда саломатлигини тиббий текширувга олиб келишди, - дейди шифокор З. Боймишева.

Биз ҳам "Соғлом она ва бола йили"да яккатутлик тиббиёт ходимлари ишларига ривож ёр бўлсин, деймиз.

Рустамали Мамадалиев.