Ўшанда бу ерда нафақат вилоятдаги, балки Фарғона водийсидаги юрак қон-томир хасталикларига чалинганларга тиббий хизмат кўрсатиларди. Беморларни йод броми, минерал сувли ванналар, парафинли апликациялар, балчиқ, турли частотали электр токи, лазер нури билан даволашни талаблар даражасида уддалаш учун бўлим мудирининг ўзигинамас, ёнидаги шифокорларгача астойдил иш олиб боришарди.

- Ҳар йили юзлаб юракнинг ишемик, миокард-инфаркт касалликларини бошидан кечирган беморлар биздан нажот истаб ётишарди,-дея эслайдилар Турсунпўлат ака. - Юқори малакали муолажаларимиздан баҳраманд бўлганлар тезда ўзларини яхши ҳис қилишиб, миннатдор ҳолда оилалари бағрига кузатилиши учун врачу-ҳамширалар беминнат хизмат кўрсатишарди. Аввал ҳам қайсидир шифохоналарда ётганлар бу ерга келишганида, муолажаларимиз сернафлигини алоҳида эътироф этишларини эшитиб бошларимиз кўкка етарди. Кичик жамоамизнинг аҳиллиги, бир ёқадан бош чиқариб, фаол ҳаракат қилиши туфайли катта натижага эришаётганимиздан кўнглимда беҳад мамнунлик туярдим. Муассасамиз республикадаги илмий-текшириш институтининг вилоятдаги тармоғи бўлгани учун тиббий амалиётимиз тажриба-тадқиқот жараёни сифатида ҳамиша жиддий эътиборни талаб қилишини бирор лаҳза унутмасдик. Биз врачлар учун энг зарури чуқур билиму юқори малака эканлигини бошқа жойдаги ҳамкасбларимиздан кўраям теран англаб турардик. Шахсан ўзим Россия давлатидаги энг нуфузли кардиология марказларига бир неча бор бориб, тиббиёт янгиликлари-ю, илғор амалиётлар билан яқиндан танишиб қайтганман.

Ана шунинг учун изланувчан ва интилувчан Турсунпўлат Эгамбердиевич республикадаги таниқли кардиологлар қаторидан ўрин олишга мушаррафланди. Албатта, таниқлиликнинг ўзига хос масъулияти-ю, "юки" ҳам бўлади. Кези келганда, энг нозик, энг муҳим, энг долзарб вазифалар топширилади. Ўшанда у яна бир карра синовдан ўтади. Қозонган ишончу обрўсининг омонат ёки муқимлиги тақдирига дахлдор бу ҳолат. Бизнинг дўхтир Рустамов ҳам бундай ҳолатларни бир неча бор бошдан ўтказганлар. Уни 1996 йили вилоят ҳокимлигига чақириб қолишди.

- Юқори малакали кардиологлигингиз ҳам, уддабурон раҳбарлигингиз ҳам аввалдан бизларга маълум, - деди ҳоким ўринбосари Дилшода Дадажонова. - Ғоят муҳим вазифага масъул этишни мақсадга мувофиқ деб топдик. Ҳаж зиёратига бориб-келадиганларнинг саломатлигига жавобгарлик зиммангизга юклатилади. Сиз бирга борсангиз юзлаб кекса отахон ва онахонларимиз соғлиги назоратини виждонан бажаришингизга, кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олишингизга тўла ишонамиз.

- Тушунарли, - деди Турсунпўлат Эгамбердиевич масъулияти беҳад юксаклигидан чўчимай, ғоят савобли эзгу хизматга йўлланаётгани учун.

Наманганлик врач республика бўйича танланган етти тиббиёт ходимининг бири эди. Улар истиқлол шарофатидан баҳраманд бўлиб, Каъба зиёратига талпинган ҳамюртларимизнинг сафардан эсон-омон қайтишлари учун қандай жон куйдирганликларини ортиқча изоҳлашга ўрин йўқдиру, лекин бир ҳақиқатни айтиш кифоя. Вилоятдошларимиз врачи Турсунпўлат Рустамов ўта оғир ва ўта хайрли вазифани адо этиш баробарида қисқа фурсатда йигирма кило вазн йўқотганлари фақат ўзларига аён эди...

Энг қувончлиси, бирор киши сафар чоғида ортиқча азият чекмади. Ёнларида дўхтир Рустамов ҳамиша сергаклик билан соғликларини муҳофазалаш тар­ғиботининг, маслаҳатининг, керак бўлса, энг зарур муолажаларни елиб-югуриб бекаму-кўст амалга оширилишининг уддасидан чиқиш фидойисига айланган.

Аслида ҳар қандай одам бирданига фидойлик касб этиб қолмаслигини назарда тутсак, у кишининг табиатан элсевар, табиатан ҳалол ва табиатан фаоллиги йиллар мобайнида шаклланган, мукаммаллашган хислатлар эдики, юқорининг танлови нақадар тўғри бўлганлигини яна бир карра тасдиқлаб қўйганди навбатдаги топшириқнинг тўлақонли ижроси. Ана энди дўхтирга бўлган ишонч бундан-да мустаҳкамланди.

Турсунпўлат Рустамов 1998 йили вилоят кардиология марказига бош врач этиб тайинланди. У янги вазифада ишни мавжуд ҳолатини ўрганишдан бошлади. Билдики, юрак хасталиклари ёшариб боряпти. Ўткир миокард-инфаркт ҳуружига учраганларнинг ҳар иккитасидан биттаси ҳаёт билан видолашяпти. Ҳисобот рақамлари шуни тасдиқлаяпти. У вазият жиддийлигидан келиб чиқиб, наинки марказ, айни маҳалда бутун вилоят бўйича кардиологларга талабни кескин оширди. Талабга яраша амалий кўмакни, рағбатни ҳам бирор лаҳза хаё­лидан қочирмади. Марказдаги 18 врачу улар билан ёнма-ён ўнлаб ҳамширалар, ёхуд 130 нафарлик жамоа ишини тиббиётнинг энг сўнгги ютуқлари, янгиликлари асосида, энг замонавий аппаратлардан самарали фойдаланган ҳолда ташкиллашга тинимсиз тириш­дилар.

Аввало, шифохона нуфузини кўтаришга, кейин ўз обрўсини оширишга вақтинигинамас, чинакамига умрини, бор билимини, бор малакасини сарфлашга барчани шахсий ўрнаклари билан ўз ортларидан эргаштира олдилар. Қолаверса соғлиқни сақлаш бошқармасининг штатсиз бош кардиологи сифатида вилоятдаги 74 нафар кардиолог-врачлар фаолиятини ягона мақсад сари йўналтириш учун туманларда семинарлар, сайёр ўқувлар уюштирдилар. Тошкенту Андижондан соҳадош профессор устозларни Наманганга таклиф қилиб, ҳамкасбларини уларнинг илмий маърузаларини тинглашга муяссарладилар. Роса беш йиллик уринишлару интилишларнинг натижаси яққол кўзга ташланади. Юрак хасталикларидан ўлим кўрсаткичи икки бараварга камайди. Бетаъма хизматлари эвазига топган бойликлари "Раҳмат, дўхтир Рустамов!" деган миннатдорчилик изҳорлари бўлганидан ҳали ҳозиргача фахрланадилар. Ахир, олқишлар миллионери даражасига етиш камдан-кам инсонларга насиб айлайдиган маънавий бойлик эмасми?! Худди шундай.

Гаистонда Қозонбулоқ бор. Унинг суви жуда тиниқ, жуда мусаффо. Ҳамиша қайнагани-қайнаган. Қишда илиқ, ёзда муздек. Керакли пайтдаги керакли ҳолати билан инсонлар учун асқотаверади бу чашма. Худди шу қишлоқда яшовчи Турсунпўлат Рустамовни Гаистондаги иккинчи қайнарбулоқдай тасаввур этиш эса ғоят монанд қиёсдир.

Бу инсон фалончига устозман де­йишни ўзларига эп билмасалар-да, биз кардиолог Солижон Мўминов, нефролог Тоҳиржон Қўлдошев, анестизиолог Баҳодир Жабборов, реаниматолог Тоҳиржон Турдиев каби элга таниқли тиббиёт мутахассислари озми-кўпми у кишининг қимматли маслаҳатларидан, ёрдамларидан баҳрамандланиб, шогирд­лик мақомида эканликларидан бохабармиз.

Ҳозир эса отахон пенсиядалар. Лекин кексайдим деб уйга биқиниб ўтиришни асло ёқтирмайдилар. Тиббий, илмий-маърифий китоблар мутолаасига бериладилар. Адирликда яратган мўъжаз боғларига беҳишт чиройини бағишлашга уринганлари уринган. Маҳалладошларига эса ҳамон кеча-кундуз ёрдамга шай врач мақомида турадилар. Файзулла ҳожи Хўжахонов, Абдулҳамид Дадахонов ва Умархон Рахмоновдек кўплаб қадрдонларини ҳар куни бир кўрмасалар ҳамсуҳбатлик соғинчини туядилар. Улар билан биргаликда юртимизнинг бугунги дориломон кунларига, Юртбошимизнинг халқ бахту сао­датини ўйлаб олиб бораётган оламшумул ишларига қувона-қувона шукрона дуоларга қўл очадилар.

Содиқ САЙҲУН.