Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида давлатимиз раҳбарининг мазкур сессия­даги нутқини ўрганишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бошқарма бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов Президентимиз томонидан тақдим этилган узоқ муддатга мўлжалланган истиқболли лойи­ҳалар, уларни амалга оширишга қаратилган ғоялар ҳақида маъруза қилди. Барча шифохоналар, тиббиёт муассасалари жамоалари томонидан Юртбошимизнинг пурмаъно нутқида белгилаб берилган вазифаларни чуқур ўрганиб чиқиш ва соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар белгилаш юзасидан тавсиялар берди.

  

ДАСТУРИЙ ВАЗИФАЛАР ИЗЛАНИШГА УНДАЙДИ

Навбатдан ташқари сессияда Президентимиз Ислом Каримовнинг нутқларида белгилаб берилган улуғвор вазифалар ҳар бир наманганликнинг дилига жо бўлди, десам муболаға эмас. Нутқда вилоятимизнинг яқин келажакдаги истиқболи билан боғлиқ улкан лойиҳалар тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Вилоят Кенгаши депутати сифатида шахсан зиммамга нақадар залворли вазифалар юкланганлигини ҳис этдим. Зеро, биз халқ вакиллари юрт равнақи, эл фаровонлигига эришиш учун одамларни янада ҳамжиҳат ва фидойи бўлишга чорлашимиз, бу борада оммага ибрат кўрсатишимиз лозим.

Шифокор сифатида эса соҳа ютуқларини мустаҳкамлаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат даражасини ва сифатини янада оширишга эришишимиз зарур.

Раҳбар сифатида эса фаол ва ташаббускор, изланувчан ва узоқни кўра оладиган, қатъиятли ва ўз сўзига амал қилиш фазилатларини намоён этишга интилишимиз шарт. Шундагина етакчи бўла оламиз.

Шукрлар бўлсинки, вилоятимиз тиббиётида кечаётган янгиланишлар жараёни туманимиз марказий шифохонаси мисолида ҳам яққол кўринмоқда. Инвестиция дас­турига мувофиқ муассаса тўлиқ реконструкциядан чиқарилмоқда. Бунинг учун давлат бюджетидан 8 миллиард 683 миллион сўм маблағ ажратилган.

Изланишлар бардавомдир. Биз эл соғлиги йўлида кўрсатилаётган ғамхўрликларга жавобан бундан ҳам юқори натижаларга эришиш ҳамда қуйи тизимлар самарадорлигини ошириш учун астойдил интилаверамиз.

Абдували МАВЛОНОВ,

Норин тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, олий тоифали жарроҳ,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши

депутати.