Яқинда "Ўзбекистон тарихи" фанидан дарс берувчи муаллимимиз, тарих фанлари номзоди Собиржон Болтабоев машғулотга янги китоб кўтариб кирдилар.

- Қўлимдаги китоб кимники? - дедилар уни юқорига кўтарганча бизга қаратиб.

- Президентимизники, - дедик ҳозиржавоблик билан. Чунки тақдимот тадбирларини аввалроқ телевизорда кўрганлигимиз учун.

- Энди ҳаммамиз ўқиб чиқамиз, китобда илгари сурилган ғоялар ва фикрларни чуқурроқ ўрганамиз,-дедилар ва бу китоб она юртга, халқимизга садоқат билан хизмат қилиш беқиёс саодатга эриштиришдан мукаммал сабоқ беришини алоҳида таъкидлаб қўйдилар.

Устознинг гаплари Юртбошимиз китоблари мутоаласига қизиқишимизни янада кучайтирди. Уни ўқишнинг ўзи етмаслиги, айни маҳалда чуқур уқиш жуда зарурлигини дастлабки саҳифаларга кўз югуртирганимдаёқ англадим. Ота-боболаримизу, она-момоларимизга аччиқ хотирага айланган яқин ўтмиш манзаралари кўз ўнгимдан ўтди. Бугунги ҳаётимизга беихтиёр таққослаб, "Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик" деган саволга очиқ-ойдин жавоб топдим. "Мустақиллик куни - Ватанимиз тарихида, халқимиз ҳаётида абадий муҳрланиб қолган қутлуғ сана. Юртимизда туғилган, энди 5 ёшга тўлган болалар ҳам "Мен - Ўзбекистон фуқаросиман!" деб, фахрланиб, ғурурланиб гапиради. Кимки мамлакатимизга келса, бу ҳақиқатнинг тасдиғини ҳар қадамда кўриши мумкин. Лекин бундай да­ражага эришиш ҳар қайси    халқ­нинг ўзига, унинг ҳаракатига боғлиқ. Буни тушуниш керак. Тушуниш учун эса одам шундай ғоя билан, яъни мустақиллик ғояси билан, ғурур-ифтихор билан яшаши керак". Президентимизни эътирофлари-ю, таъкидлари жуда ўринли. Шарофатбахш истиқлол ҳам ўзимизники, ҳурлигимиз ҳимоячиси ҳам, тобора мустаҳкамловчиси ҳам ўзимиз. Шу боис сиз билан биз дунёга ҳамиша ҳушёр кўз билан боқишга масъулмиз. Бу сабоқни ҳеч ким, ҳеч қачон унутмаслиги шарт. Демак, яна Юртбошимиз уқтирганларидай: "Айни вақтда "Эртага ким бўлишимиз, қандай янги марраларни эгаллашимиз керак?" деган савол устида ўйлашимиз, нафақат ўйлашимиз, балки амалий ишларимиз билан бунга жавоб беришимиз лозим" деган сабоқни ҳам бирор лаҳза ёдимиздан чиқаришга сира ҳаққимиз йўқ.

Китобдаги ҳар бир бўлимнинг сарлавҳасигача ҳикматона, яъни ҳаётий ҳақиқатлар, тажрибалар туфайли яралган қимматли хулоса фикрларни ифодалайди. "Мустақлиллик - тоғдек таянчимиз, қудратли заминимиздир", "Тарих-бамисоли кўзгу", "Қишлоқ тараққий топса, юртимиз обод, ҳаётимиз янада фаровон бўлади", "Аёл бахти-жамият бахти" деган гапларда олам-олам маъно мужассам.

Китоб биз ёшларга 2015 йилнинг 29 мартида бўлиб ўтган улкан сиёсий воқеа- Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов жараёнида Юртбошимизнинг номзодлардан бири сифатида сайловолди учрашувларида сайловчилар ҳузуридаги маърузалари, нутқлари билан танишиш имкониятини беради. Мен ҳам Президент сайловида биринчи бор қатнашиш бахтига муяссар бўлганлигимни, Ислом Абдуғаниевич Каримов номзодини ёқлаб овоз берганлигимни ҳануз зўр мамнуният билан эслайман. Сайловда 90,39 фоиз овоз олиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимга бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқ­ларини тўлқинланиб тинг­лаганман. Ўша нутқ янги китобларидан ўрин олган. Нутқ ҳам, китоб ҳам қуйидаги сўзлар билан якунланган:

"Менга юксак ишонч билдирган она халқимга бош эгиб, яна ва яна бир бор таъзим қиламан.

Мана шундай олижаноб, бағрикенг халқимизга фарзандлик меҳри ва садоқати билан хизмат қилиш-мен учун энг юксак шараф, олий саодатдир".

Биз ҳам Юртбошимиз атрофига маҳкам жипслашган ҳолда она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида ҳалол ва фаол яшашга, ўқишга ва ишлашга бурч­лимиз. Садоқат саодати сабоғи шуни тақозо этаверади.

Манзура АБДУЛЛАЕВА,

Наманган Давлат университетининг

филология факультети талабаси.