Мустақил юрт борки, албатта ўз байроғи бўлади. Герби, мадҳияси сингари у ҳам муҳим рамзи ҳисобланади. Албатта, Ўзбекистон Республикаси байроғи яратилишининг ўз тарихи бор. Аслида Ватанимиз байроғини янгилаш ҳаракатлари Истиқлол арафасида бошланган эди. Бу ҳаракат 1991 йилнинг 18 ноябрида Мустақил Ўзбекистон байроғини тасдиқлаш билан якун топди. Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатлар ичида биз биринчи бўлиб миллий байроғимизни қабул қилдик. Худди шу куни Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг схематик ва ранг­ли тасвири "Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида"ги қонунида аниқ ва лўнда белгилаб қў­йилган.

Мустақил мамлакатимиз байроғи бутун узунлиги бўйлаб тўқ мовий ранг, оқ ранг ва тўқ яшил рангли учта эндан ташкил топган тўғри тўртбурчак шаклидаги матодир. Агар юқори қисмига назар ташласак ярим ой ва 12 юлдуз тасвири туширилганини кўрамиз. Узунлиги 250 сентиметр, кенг­лиги 125 сантиметр қилиб белгиланган. Ўзбекистон Республикаси делегациялари хорижий мамлакатларга сафарларга борганида, халқаро ташкилотларда, анжуманларда, жаҳон кўргазмаларида, спорт мусобақаларида она Ватанимиз тимсолига айланади. Шу боис, ғолиб спортчиларимиз шарафланганида байроғимиз баланд кўтарилади. Спортчиларимиз эса уни мағрур ушлаб ёки ўпиб, Ватанимизга содиқлигини яна бир карра ифодалайдилар. Демак, байроғимиз рамз сифатида ҳар бир фуқаро учун муқаддасдир. Унга нисбатан ҳурматсизлик қилишга ҳеч кимнинг ҳақ­қи йўқ!

Давлат байроғимизни кўтариш билан боғлиқ тартиб-қоидалар юқоридаги қонунимизда аниқ-равшан белгиланган. Доимий суратда, жумладан, мамлакат Президенти, Олий Мажлис, Ўзбекистон ҳукумати, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари, ҳокимликлар иш олиб бораётган биноларда кўтарилади. Ўзбекистон расмий делегациялари қатнашаётган халқаро тадбирларда, байрам кунлари эса вазирликлар, давлат қўмиталари ва муассасалари, корхона ва ташкилотлар бинолари, шунингдек, уй-жой биноларида ҳилпираб туриши қонунга мувофиқ ҳисобланади.

Байроғимиз - фахримиз. Ватанимиз тимсоли, давлатимиз рамзи сифатида уни юқори кўтаришга бурчлимиз. Айни маҳалда қабул қилинган кунни ўзига хос байрамона кайфиятда нишонлаймиз. Кўнглимиздаги меҳр-муҳаббат туйғуларимизни айтиб, элу юрт равнақи йўлида янада фаол ишлашга янада қатъий аҳдланамиз ва шаҳдланамиз.

Президентимиз Ислом Каримов уқтирганларидай: "Миллий тимсоллар ва рамзларнинг ҳар бири миллий ғуруримизни юксалтиришга хизмат қилади. Уларнинг ҳар бири катта бир дарслик, кучли тарбия воситасидир"