Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди ИМИНОВ билан тиббиёт тизимини ташкил этишнинг жорий қилина бошланган янги модели ва унинг мақсад-моҳияти ҳақида суҳбат.
– Абдулҳоди Муҳиддинович, мамлакатимиз тиббиётида тарихий ислоҳотлар ва янгиланишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз бошқарувида шу йил 7 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишидан кейинги қисқа вақтнинг ўзида соғлиқни сақлашни энг илғор хорижий тажриба асосида ислоҳ қилиш, тиббий хизматлар сифатини ошириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг замонавий тизимини шакллантириш ва янги бошқарув тамойилларини жорий қилиш йўлидаги яратувчиликлар янада кенг кўлам ва суръат касб этмоқда, десак асло янглишмаймиз.
– Албатта, шундай. Соҳани такомиллаштиришнинг янада масъулиятли ва жўшқин даври бошланди. Чунки, мамлакатимиз Президентининг "Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 88-сонли Фармони ва унинг ижросига йўналтирилган "Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни амалга оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги 185-сонли қарори янги мақсад, янги куч, янги имкониятлар пайдо қилди.
Бу икки дастуриламалда узоқни кўзланган мақсадлар, уларни амалга оширишнинг аниқ йўл-йўриқлари белгиланган. Жумладан, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш орқали оилавий поликлиникаларда кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифат ва самарадорлиги оширилади.
– Соғлиқни сақлаш вазирлигининг туман (шаҳар) даражасидаги бўлинмаси, оилавий поликлиникалар, марказий шифохонанинг вазифа ва функцияларини ҳамда тиббий ёрдам кўрсатишда аҳоли ва тиббиёт ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ белгилашга киришилди. Бунинг аҳамияти нимадан иборат?
– Ислоҳотлар, яъни ўзгартиришлар замирида тиббий хизмат самарадорлиги учун қатъий масъулият ҳосил қилиш масаласи турибди. Чунки тузилмаларнинг функция ва вазифалари, аҳоли ва тиббиёт ходимларининг ҳуқуқ-мажбуриятлари аниқ белгилансагина натижадорлик учун жавобгарлик ҳисси ортади.
Янгиланаётган тизимнинг муқаррар талабларидан яна бири тиббиёт ходимларининг билим ва малакасини ошириш, уларнинг меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш тизимини шакллантириш.
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг вертикал бошқарувида туман (шаҳар) бўғинини ислоҳ қилиш орқали ислоҳотлар жадаллаштирилади ва мониторинги олиб борилади.
Бу, менимча, энг тўғри ечим. Негаки, қуйи бўғин яхши ишласа, ислоҳотлар ўз-ўзидан жадаллашади. Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда қисқа муддатли чора-тадбирларни ўз ичига олган "Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар вақти" дастури вилоятимизда ҳам бирламчи бўғиндаги шарт-шароитларни замон талаблари даражасида ташкил этишга туртки бўлди.
– Халқаро тажрибага асосланган ҳолда аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг янги модели яратилаётган экан, тиббиёт ходимлари, муассасалар фаолиятида қандай ўзгаришлар ясалади?
– Оилавий шифокорнинг тиббий ёрдам кўрсатишдаги ҳиссаси 70 фоизга етказилади. Рақамлаштириш билан қоғозбозликни камайтириш орқали тиббиёт ходимларининг иш юкламаси 30 фоизгача камайтирилади.
2025 йил 1 июлдан мазкур Фармонда белгиланган туман (шаҳар)ларда тажриба-синов тариқасида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели жорий қилинади. Тажриба-синов лойиҳаси доирасида туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари негизида туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимлари ташкил этилади. Ҳудудий даражадаги тиббиёт муассасалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган рўйхатга мувофиқ ташкилий, бошқарув ва молиявий жиҳатдан бирлаштирилиб, кўп тармоқли шифохоналарга айлантирилади.
Шуни алоҳида таъкидлашимиз жоизки, ушбу янгилик вилоятимизда Чортоқ туманида жорий этилмоқда. Яъни, туман тиббиёт бирлашмаси негизида туман соғлиқни сақлаш бўлими ташкил қилинмоқда. Айни пайтда бу йўналишда изчил иш олиб борилмоқда.
Фармонга мувофиқ, тажриба-синов лойиҳаси доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимида янги тузилмаларни шакллантиришга киришилди. Жумладан, оилавий поликлиникалар, оилавий шифокор пунктлари, уларга филиал сифатида бириктирилган муассасалар ҳамда маҳалла тиббиёт пунктлари ўша ҳудуддаги аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда, юридик мақомга эга бўлган оилавий поликлиникаларга ҳамда уларнинг филиалларига айлантирилади.
– Янги модель жорий этилиши пировардида тиббиётчилар фаолиятида ҳамда хизматлар тури ва сифатида қандай натижалар кўзда тутилган?
– Оилавий поликлиникаларда аҳолига тиббий ёрдам кўрсатувчи оилавий шифокор, педиатр, акушер-гинеколог ва ташхислаш хизматларини кўрсатувчи мутахассислар, шунингдек, аутсорсинг асосида стоматология хизмати йўлга қўйилади. Оилавий поликлиникалар тиббиёт ходимлари фақат тўлиқ ставкада фаолият юритади. Фуқаролар қайси оилавий шифокорни танлашни ўзлари ҳал қиладилар.
Шунингдек, тиббиёт бригадасига 3 минг нафар, зарур ҳолларда, белгиланган меъёрларга қўшимча аҳоли бириктирилиши мумкин. Бунда 2030 йилга қадар битта тиббиёт бригадасига кўпи билан 1,7 минг нафар аҳоли бириктирилиши стратегик мақсадимиздир. Оилавий поликлиникадан 10 километрдан узоқ масофада жойлашган маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи аҳоли учун тиббиёт ходимларининг сайёр тиббий хизмати йўлга қўйилади.
– Фармонда шифокорлар манфаатдорлигини ошириш тўғрисида ҳам кўратмалар берилган. Шу ҳақда батафсилроқ тўхталсангиз.
– Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари тиббиёт ходимлари меҳнатини қадрлашга катта эътибор қаратиб келмоқда. Мазкур Фармонда ҳам тажриба-синов лойиҳаси доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тиббиёт ходимлари базавий тариф ставкаларига қўшимча устамалар тўланиши кўрсатиб ўтилди. Масалан, сайёр тиббий хизмат кўрсатувчи тиббиёт ходимларига ойлик лавозим маоши ёки базавий тариф ставкасининг 50 фоизи миқдорида устама берилади.
Белгиланган меъёрлардан 10 фоиз ортиқча аҳоли бириктирилган тиббиёт бригадасига устамалар қўшимча ҳар бир фуқаро учун меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 0,3 фоизи миқдорида – шаҳарларда, 0,5 фоизи миқдорида – туманларда амалга оширилади.
Оила саломатлиги бўйича махсус ўқув дастури асосида ташкил этиладиган курсларнинг барча босқичларини муваффақиятли тугатган тиббиёт ходимларига устама, сертификатга мувофиқ, базавий тариф ставкасининг 100 фоизи миқдорида тўланади.
Тажриба-синов лойиҳаси доирасида туман (шаҳар) марказий шифохоналарида шифокорларнинг ойлик лавозим маошлари – 20 фоиз, ўрта тиббиёт ходимларининг ойлик лавозим маошлари – 10 фоиз миқдорида оширилади.
Оилавий поликлиникалар ва туман (шаҳар) марказий шифохоналарининг тиббиёт ва фармацевтика ходимлари фаолият самарадорлиги KPI мезонлари бўйича аниқланади. KPI кўрсаткичлари асосида ойлик лавозим маошининг 100 фоизигача миқдорда устама жорий этилади.
– Тажриба-синов лойиҳаси доирасида туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимлари ва тиббиёт муассасалари раҳбарлари ўқитилади ва ўқув дастури сертификатига эга бўлганларигагина устамалар берилади. Бу шарт уларни доимий изланиш, ташкилотчилик салоҳиятларини ошириб боришга мунтазам ундаб турса керак.
– Мақсад ҳам аслида шу. Ахир, тиббий муассаса раҳбари соғлиқни сақлаш соҳасидаги сиёсатни чуқур англаши, ислоҳотларнинг авангарди, ташкилий, иқтисодий, ижтимоий-маънавий жиҳатдан етук бўлиши керак. Бу каби фазилатларини янада камол топтириш учун тиббиётни бошқариш (менежерлик) бўйича ўқув дастури машғулотларига жалб этиладилар. Ўқув дастури якуни бўйича сертификатга эга бўлган раҳбарларга ойлик лавозим маошининг 100 фоизи, раҳбар ўринбосарига – 80 фоизи ҳамда бош ҳамширага – 50 фоизи миқдорида устама белгиланади.
Шунингдек, раҳбар ходимлар учун фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари (KPI) белгиланади, натижаларига қараб ойлик лавозим маошининг 100 фоизигача миқдорда устама жорий этилади.
Шуниси ҳам борки, бир йил давомида фаолият самарадорлиги кўрсаткичларида (KPI) ижобий (56 фоиздан юқори) натижаларга эришмаган раҳбар ходимлар лавозимидан озод қилинади.
– Мазкур тарихий Фармон негизидаги соғлиқни сақлаш ишларини янги тараққиёт босқичига олиб чиқиш, инсон қадр-қимматини кўтариш, халқимиз розилигини қозонишдек мақсадни амалга оширишда сиз ва сизнинг раҳбарлигингиздаги жамоага толмас куч-қувват, ғайрат-шижоат ёр бўлсин!
Абдулла ҒОЗИЕВ суҳбатлашди.