Болаларни қўллаб-қувватлаш Жамоат Фонди томонидан ўтказиб келинаётган "Эзгулик манзили" акцияси Наманган вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ўз фаолиятини бошлади. Шанбага қадар Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасининг тажрибали мутахассислари эҳтиёжманд, кам таъминланган, оғир шароитга тушган оилалардаги бемор болаларга консультатив ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатадилар.

– Фонд билан фаол ҳамкорлик олиб бораётган клиникамизнинг жарроҳлик, неврология, урология, ортопедия, офтальмология, отолорингология, кардиожарроҳлик, анестезиология соҳаларининг етук мутахассислари мураккаб ташхисли кўплаб ўғил-қизларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиб, муолажалар белгиламоқдалар, – дейди гуруҳ раҳбари, клиника бош врачи, тиббиёт фанлари номзоди, доцент Абдумалик Жалилов. – Шунингдек, мураккаб жарроҳлик муолажаси қўлланилиши кутилаётган 100 нафар болажонга оператив даво қўлланилади. Таъкидлашим жоиз, акцияни ташкиллаш, тиббий кўрик, ташхислаш, жарроҳлик муолажалари сарф-харажатлари жамғарманинг тиббий дастурларга ажратган маблағи ҳисобидан амалга оширилмоқда.

Дастлаб барча соҳалар бўйича тиббий кўриклар ўтказилди. Бу жараёнда беморларни соғайтириш чора-тадбирлари белгиланди. Жарроҳлик амалиётини қўллашга муҳтож болажонларни ҳам дард­дан фориғ этишга киришилди.

– Шу жамғарма ташкил этилишининг ташаббускори бўлган Президентимиздан, педиатрия институти клиникаси мутахассисларидан чексиз миннатдорман, – дейди Ақида Ҳамдамова. – Қизимнинг кўзлари кўпдан бери тортишарди. Тошкентга олиб бориб кўрсатиб келишга имконим бўлмаётганди. Юқори малакали мутахассислар қизимдаги кўз касаллигини даволаш йўл-йўриқларини белгилаб бердилар. Барча оналар номидан Фонд раҳбариятига, акция ташкилотчиларига мингдан-минг раҳматлар айтаман.

Фонд ташкил топгандан буён ўтган 3 йил мобайнида 10 мингдан ортиқ бемор болажонларга тиббий-ижтимоий, психологик ва манзилли ёрдам берилди. 1700 дан ортиқ болага республикамиз ҳудудида, 231 нафарига хорижий клиникаларда мураккаб жарроҳлик ёрдами кўрсатилди. Фонд илк маротаба орфан касалликларига чалинган бемор болаларни даволаш бўйича йирик лойиҳа ташаббускори бўлди. "Номукаммал остеогенез" хасталиги билан чалинган болаларни тиббий даволаш учун зарур технологик асбоб-ускуналар олиб келинишига эришилди. Шу дард билан оғриб юрган 110 нафар боланинг даволанишига қулай имкониятлар яратиб қў­йилди. "Гоше" касаллиги билан рўйхатда турган болалар эса ҳар бир флакони 1500 доллар бўлган дори воситалари билан таъминланиб келинмоқда.

Муҳаммад ОБИЛОВ.