Тери – инсон танасининг юзи. Унинг гўзаллиги соғломлигида, албатта. Шунинг учун сал тирналса, ранги ўзгарса, тошма тошса, йирингласа, ўша заҳоти безовта бўламиз. Бундай салбий ҳолатлар ташқи таъсир ва ички органларнинг меъёрий мувозанати бузилганида рўй беради. Шунинг учун врач назорати ва кўригисиз муолажа кутилган натижа бермайди, ҳатто кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши мумкин. Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда унинг вилоятдаги филиали мутахассислари ҳамкорлигида тери касалликларига чалинганларни назоратга олиш, вақти-вақти билан кўригини ўтказиш, даволаш жараёнларини кечикмай, илмий асосда амалга ошириш бўйича изчил чора-тадбирлар қўлланилмоқда.
Бу гал ҳам филиалга мутахассис меҳмонлар келишди. РИД ва КИАТМ директори, профессор У. Ю. Собиров, марказ директорининг ҳудудий филиаллар билан ишлаш бўйича ўринбосари Н. А. Боймирзаев, 2-дерматология бўлими дерматовенерологи А. У. Бурҳонов, бактериология лабораторияси врач-бактериологи Н. Я. Мадраҳимовалар икки кун давомида ҳудудий филиал ва вилоятимиз туманларида йўл харитада белгиланган вазифа ва топшириқларнинг ижроси билан танишишди, тери-таносил касалликлари эпидемиологик ҳолатини ўрганишди. Улар филиалда мураккаб ташхислаш ва даволаш усулларини амалиётга татбиқ этиш, телемедицинани ривожлантириш масалалари билан ҳам шуғулландилар.
Улар биринчи куни Янгиқўрғон туманида фаолият юритишди.
Энг муҳими, назоратда турган беморлар филиалга тиббий кўрикка чорланган. Юқори малакали мутахассислар ҳар бир нажотталаб инсонни бирма-бир қабул қилишди. Обдон текшириб, муолажаларни бундан буён қандай давом эттириш йўл-йўриқларини беришди. Наманганлик врачлар ҳамкасблар билан ёнма-ён ўтиришиб, самарали муолажалар бўйича маҳорат сабоғидан ҳам баҳраманд бўлдилар.
Филиал директори Б. Қодировнинг айтишича, бундай ҳамкорлик, амалий ёрдамларнинг ташхислаш ва даволаш ишлари сифатини тобора ошириб боришда фойдаси катта. Кейинги пайтда шунинг учун пойтахт мутахассисларининг билим ва тажрибаларини имкон қадар кўпроқ ўзлаштириб олиш учун врачу ҳамширалар фаоллик кўрсатмоқдалар.
Содиқ САЙҲУН.