Вилоят қон қуйиш маркази ходимлари 14 июнь – Халқаро донорлар куни эрталабдан донорларни кутиб олдилар. Байрамона безатилган мўъжаз ҳовли меҳмонлар билан гавжумлашди. Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси вилоят Кенгаши ва Қизил-Ярим ой жамияти вилоят бўлими ҳамкорлигида Халқаро донорлар куни муносабати билан нажоткор донорларга байрам дастурхони ёзилди.
Тантанали тадбирнинг очилиш маросимида марказ бош врачи Илҳомжон Тўланов таъкидлаганидек, кейинги пайтда барча жиҳозлари тўкис кўчма қон олиш автобусида ташкилоту муассасаларга, ҳатто маҳаллаларгача борилмоқда. Масалан, Поп туманидаги Янги Хўжаобод маҳалласи аҳли бу борада пешқадам бўлишди. Маҳалла фаоли Мухторхон Юнусовнинг ташаббуси, даъвати ортидан донорлар сафи анча кенгайибди. Бугун ҳам эзгу ниятли ва олийҳимматли Раҳимжон Аминжонов, Одилжон Жўраев ва Саидафзал Аброровлар маҳалладошларининг вакиллари сифатида ташриф буюришибди. Улар марказ ходимларини яна маҳаллага таклиф этишди.
Ҳамкорлар ҳам совғалар билан келишибди.
– Партиямиз аъзолари 2-12 июнь кунлари "Бор меҳримиз сенга, болажон!" шиори остида ўтказилган қон топшириш акциясида фаол қатнашишди, – дейди "Адолат" СДП Кенгаши раиси ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматова. – Тарғиботимиз таъсирчанлиги донорларнинг тобора кўпайиб бораётганида яққол кўринмоқда. Хайрихоҳларимиз сони 860 нафарни ташкил этгани ҳолда уларнинг 291 нафари акция давомида қон топширдилар. Ҳозирги тадбиримизга ана шу инсонлардан бир гуруҳини тақдирлашга чақирганмиз.
Акция якунига бағишланган анжуманда энг фаол донорларга тантанали равишда Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси вилоят Кенгаши ва Қизил-Ярим ой жамияти вилоят бўлими томонидан эсдалик совғаларни топширилди.
Даврага куй ва қўшиқлар ўзгача файз бағишлади. Энг муҳими, фаол донорлар, партия аъзолари бугун ҳам беморларга ҳаёт бахш этувчи қонларини ҳадя қилдилар.
Содиқ САЙҲУН.