Вилоят "Маърифат маскани"да ташкил этилган "Перинатал ёрдам самарадорлигини ошириш технологиялари" мавзуидаги хақаро илмий-амалий конференция бу борадаги фаолият натижадорлигини янада оширишга қаратилди.

 

Анжуманни Наманган ви­лояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шавкатжон Абдураззоқов кириш сўзи билан очиб, давлатимиз раҳбари ташаббуси ва бевосита кўрсатмалари асосида тиббиёт трансформацияси жадаллик билан бошланган кунларданоқ она ва бола саломатлиги муҳофазасига жиддий эътибор қаратилганлигини таъкидлади.

 

– Бугунги конференция ҳам, – деди у, – перинатал хизматни янада такомиллаштиришга бағишлангани ва у 64-Халқаро гуллар фестивали мазмун-моҳиятини янада бойитаётганлиги билан ҳам катта аҳамиятга эга.

 

Вилоятимиз раҳбари илмий-амалий анжуман қатнашчиларини муборакбод этди ва халқаро ташкилотлар расмийлари, Россия Федерацияси, Қозоғистон Республикасидан келган таниқли олим-шифокорларга ташрифлари учун миннатдорчилик билдириб, конференция ишига муваффақият тилади.

 

Халқаро соғлиқни сақлашда сифат аккредитацияси маркази раиси Бўтакўз Каупбаева Ўзбекистон Президенти раҳнамолигида она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш дунё андозалари асосида такомиллаштирилаётганлигини мамнуният билан таъкидлади.

 

– Жаҳон стандартларига мос хавфсиз перинатал хизматни жорий этиш, бу борада бирламчи даволаш-профилактика муассасалари роли оширилгани кутилган самараларни бераётганига гувоҳ бўлдим, – деди нотиқ. – Айниқса, туғруқ комплексларида яратилган замонавий шароит, тиббий ходимлар малака ва маҳоратини ошириш туфайли она-бола ўлими, ногирон туғилишлар кескин камайган. Шу боис филиалда амалга оширилаётган ишлар Халқаро марказнинг махсус комиссияси томонидан юқори баҳоланди ва сифат аккре­дитациясидан муваффақиятли ўтганлиги тасдиқланди. Бу, тизим мутасаддилари, вилоят ҳокимлиги, қолаверса, филиал жамоаси фидо­йи­ликларига берилган улкан баҳодир.

 

Ўзбекистон Қаҳрамони Ойшахон Қўчқорова, меҳнат фахрийси Зарифа Абдуллаева филиал ўтмишидаги қийинчиликларни эслаш билан бирга, бугунги тараққиётидан беҳад қувонаётганликларини изҳор этдилар, издошларининг хайрли ва ўта масъулиятли фаолиятига омад тиладилар.

 

Республика ихтисослаштирилган она ва бола илмий амалий тиббиёт маркази директори Наталья Нодирхонова ҳамда марказнинг Наманган филиали директори Райҳона Даминова соҳани замон талаблари даражасида ривожлантиришдаги ғамхўрликлари учун муҳтарам Юртбошимизга чексиз миннатдорчилик билдирдилар.

 

Тантанали очилиш маросимидан сўнг илмий ва таҳлилий маърузалар тингланди.

 

Бўтакўз Каупбаева тиббий хизматлар сифатини таъминлашнинг халқаро талаби бўлган аккредитациядан ўтиш, сертификатлаштириш, лицензиялашнинг мақсад-моҳияти, талаб ва шартларига тўхталди.

 

Москвалик тадқиқотчи Ирина Морозова беморларнинг глобал хавф­сизлигини таъминлашдаги мавжуд қийинчиликлар ва уларнинг ечимлари бў­йича илмий хулоса, амалий таклиф-тавсиялар берди. Райҳона Даминова маърузасида эса аёллар репродуктив саломатлигини сақлаш самарадорлигини ошириш учун ҳар бир ҳудуд миллий клиник протоколлар асосида ишлаб чиқилган ўз маҳаллий протоколига асосланиши шартлиги, технологик ва малакавий ривожланиш мунтазамлиги аҳамияти ёритилди.

 

Шунингдек, таниқли шифокор Тошпўлат Абдукаримов, РИО ва БСИАТМ директори ўринбосари Темур Абдураимов, москвалик олим Сергей Украинцев, тиббиёт ходимлари касбий квалификациясини ривожлантириш республика маркази доценти Ландиш Исанбаева ва бошқа олим-шифокорларнинг перинатал ёрдамнинг турли қирраларига оид муаммо ва ечимлар, илғор технологияларни татбиқ этиш каби долзарб мавзулардаги маърузалари тингланди ва қизғин баҳс-муноразалар бўлиб ўтди.

 

Конференция қатнашчилари ва меҳмонлар Халқаро гуллар фестивалига ташриф буюриб, мўъжизакор гўзалликдан олам-олам завқ олдилар.