Президентимизнинг "Аҳолига наркологик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-244, "Аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-196-сонли қарорларида соҳа ходимлари илмий салоҳиятини ошириш, жаҳон тажрибаларига мос равишда билим ва кўникмаларини ривожлантириш, етакчи хорижий илмий марказлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш устувор вазифа этиб белгиланган.
Топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида РИРСИАТМ томонидан Наманганда "Клиник психиатрия ҳамда наркология муаммолари ва ечимлари" мавзуида икки кунлик регионал семинар-тренинг ташкил этилди. Унда водий вилоятлари нарколог ва психиатрлари иштирок этдилар.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Аъзамжон Ботиров, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош психиатри ва наркологи, РИРСИАТМ директори, профессор Зарифжон Ашуров, Қозон давлат тиббиёт академияси доценти Марина Кирюхина ўз кириш сўзларида соҳани ривожлантиришнинг долзарб масалаларига эътибор қаратдилар.
РИРСИАТМ директорининг ўринбосари Булат Чембоев, Қозон давлат тиббиёт академияси психотерапия ва наркология кафедраси ассистенти Марис Сарий, РИРСИАТМнинг наркология ва психиатрия хизматлари бўйича Наманган вилояти филиаллари директорлари Отабек Тошпўлатов, Абдулазиз Йўлдошев ҳамда Марина Кирюхинанинг семинар мавзуига оид маърузалари тингланди. Илмий нутқларда синтетик гиёҳвандлик моддаларига қарамликни ташхислаш, олдини олиш, реаблитация қилишнинг долзарб масалалари, наркологик ва руҳий хасталикларни даволашнинг самарали ёндошувлари, эришилаётган тажриба, мавжуд муаммолар ечимлари ҳақида батафсил сўз юритилди.
РИРСИАТМнинг Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлари наркология ва психиатрия хизматлари бўйича филиаллари мутахассислари устозлар сабоқларини олиш билан бирга ташхис ва муолажа бўйича ўзларини ўйлантириб келаётган масалалар юзасидан таклиф-мулоҳазалар билдиришди.
Семинар-тренинг иштирокчилари 64-Халқаро гуллар фестивалига ташриф буюриб, наманганлик гулчилар яратган нафосат оламидан баҳраманд бўлдилар. Танаффусдан фойдаланиб, семинар ва фестиваль таассуротлари ҳақида сўрадик.
– РИРСИАТМнинг наркология хизмати бўйича Наманган филиали шифокорлари ўтган йили академиямизда бўлдилар, – дейди М. В. Кирюхина. – Мазкур филиал билан психотерапия ва наркология кафедраси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Келишув шарофати билан биргаликдаги амалиёт, янги-янги ташаббусларга қўл урилаётганидан мамнунман. Яна, алоҳида таъкидлашни истаганим, бу – Халқаро гуллар фестивали! Наманганни дунёнинг табиий гўзаллик мегаполиси деб атагим келди.
– Семинар, айниқса, биз каби ёш мутахассислар учун айни муддао бўлди, – деди Фарғонадаги 2-сонли руҳий касалликлар шифохонаси врачи Акмалжон Ўрмонжонов. – Маърузаларни тинглаб, ташхислаш ва даволашнинг халқаро андозаларга хос усуллари, уларни маҳаллий шароитда қўллаш йўл-йўриқларини ўргандик.
– Бизнинг соҳада ҳам муаммоли беморларни пойтахт ва хорижга жўнатишга тўғри келарди, – деди Андижондаги наркология диспансери врачи Илҳомжон Хидиров. – Бугунги семинар-тренинг ана шундай қийинчиликларга барҳам беришдаги дадил қадам бўлиб хизмат қилади. Илмий анжуманда олган билим ва малакаларимиз ана шунга ундамоқда.
Семинар-тренингнинг маҳорат дарслари Тўрақўрғон ва Янгиқўрғон туманлари тиббиёт бирлашмаларида бўлиб ўтди.
Муҳаммад ОБИЛОВ,
"Шифокор ва ҳаёт" газетаси мухбири.