Чортоқ тумани маданият марказида тиббиёт соҳаси вакиллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унга вилоят даволаш-профилактика муассасалари ҳамда Наманган шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари таклиф этилди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов бошқарган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 майдаги "Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-88-сон Фармони ижросини таъминлаш борасидаги вазифалар муҳокама қилинди.
ТИББИЁТЧИЛАР БИЛАН УЧРАШУВ
Шу куни мазкур масканда вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ҳамда маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Отабек Базаров вилоят тиббиёти жамоатчилиги вакиллари билан учрашди.
Тадбирда соҳа ишини янги босқичга кўтариш, аҳолини тиббий хизматдан рози қилиш билан боғлиқ вазифалар ҳусусида фикр юритилди. Чортоқда татбиқ қилинаётган янги тизимнинг аҳамияти соҳа ишини тубдан такомиллаштиришда катта эканлиги айтилди.
"ДОЛЗАРБ 90 КУНЛИК" ЛОЙИҲАСИ ДОИРАСИДА
Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ғафуржон Жамолов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Чортоқ тумани соғлиқни сақлаш муассасасида бўлиб, лойиҳа жараёнларини ўрганди. Муассасадаги барча тизимлар, шу жумладан, КТМП ва 1-2 типдаги оилавий поликлиникалардаги кутиш заллари текширилди.
Бу залларда қулай ўриндиқлар ўрнатилганлиги, шунингдек, навбат тизими самарали ташкил этилгани ва ногиронлиги бор фуқаролар учун инклюзив муҳит яратилганлиги алоҳида эътиборга олинди.
Ишчи гуруҳи ўрганиш натижаларига асосан мавжуд ҳолат юзасидан таҳлил олиб борди ва масъулларга аниқ вазифалар ва амалий кўрсатмалар берилди.