Жаннатмонанд Наманган дунёни нафосатга тўлдираётган бир паллада саломатлик посбонлари ҳам байрам иштирокчилари соғлиғини муҳофаза қилишдек долзаб ва масъулиятли вазифани сидқидил адо этмоқдалар. Соғлиқни сақлаш бошқармасининг фестивалга тааллуқли тадбирлар режасига мувофиқ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли боғ, "Афсоналар водийси" аквапарки, Наманган шаҳри, Давлатобод тумани оммавий сайилгоҳларида дори-дармон заҳираси, жиҳозлар билан тўла таъминланган тиббий пунктлар фаолият олиб бормоқда. Бу масканларда Наманган шаҳар, Давлатобод тумани кўп тармоқли марказий поликлиникалари ҳамда 1-оила по­ликлиникаси шифокорлари жадвал асосида фаолият кўрсатишяпти.

 

Республика тез тиббий ёрдам маркази Наманган филиали томонидан 10 та замонавий махсус машиналар ажратилган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур боғида 2 та, "Афсоналар водийси"да 1 та реаномобиль, 9 нафар врач ва ҳамширадан иборат бригадалар эҳтимолий чақириқларга шай. Уларнинг биридаги врач Фотима Назарова ишни шу тарзда ташкил этилиши катта аҳамиятга эгалигини таъкидлади.

 

– Баҳор ва ёзда, – деди у, – чинор, сарв, қайин, эман, қайрағоч, тол, қарағай, қора терак, шумтол каби дарахтлар гуллайди, ҳавода гулчанглар, чанг ва моғор миқдори ортади. Бу ҳол иммунитети заиф кишиларда аллергик реакция қўзғаши эҳтимоли юқори. Бундан ташқари қуёшдаги чақнаш туфайли юзага келаётган магнит бўронлари ва кучли ҳис-ҳаяжон саломатликка салбий таъсир қилганда дарҳол биринчи ёрдам зарур.

 

Ҳа, бугун Наманганда барча хизматлар Халқаро гуллар фестивали қатнашчиларининг кўнгилли сайру саёҳатларини таъминлашга қаратилган. Улар қаторида тиббиётчилар ҳам байрам иштирокчилари саломатлигини кўз қорачиғидек асрамоқдалар.