Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметалогия илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари вилоятимиздаги соҳа врач-лаборант ва лабо­рант­ларига "ЖЙОЮК ва тери касалликларининг лаборатория диагностикаси" мавзусида сайёр ўқув ўтказдилар. Дастлабки машғулотни марказ бактериология лабораторияси мудири, тиб­биёт фанлари номзоди Адҳамжон Розиқов олиб борди. Ўқув аввалида маъруза тингланди, сўнгра қизғин савол-жавобларга ўтилди.

 

– Сайёр ўқувимиз етти кун давом этди, – дейди ҳудудий филиал лаборатория бўлими мудири Абдураззоқ Валиев. – Машғулотга шаҳар ва туманлардаги лаборатория мутасаддилари жалб қилинди. Улар жинсий йўл орқали юққан касалликларни таҳлиллаш ва аниқлашнинг энг замонавий усулларини ўқиб ўрганишди. Ҳафта давомида 36 соатлик дарс­ларни Тошкентдаги марказимиздан ташриф буюрган тиббиёт фанлари номзоди Шуҳрат Собирқулов, катта илмий ходим Муножат Каримовалар олиб бордилар. Сайёр ўқув иштирокчилари ҳар куни фаол қатнашиб, албатта, билим ва малакаларини юксалтиришга муваффақ бўлишди.