Вилоятимиз даволаш-профилактика муассасалари вакиллари вилоят театрида саҳналаштирилган "Муқаддас қасам" спектаклининг тақдимотида иштирок этдилар.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов театр жамоасини янги саҳна асари билан қутлади. Касбига садоқатли шифокорларнинг жонкурлиги, фидойилиги акс эттирилган, шу билан бирга тиббиёт соҳасида учраб турган айрим муаммолар гавдалантирилган саҳна асарининг аҳамияти хусусида фикр юритди.
Шундан сўнг спектаклнинг илк намойиши бўлиб ўтди.
"МУҚАДДАС ҚАСАМ"
ёхуд унга хиёнат қилганларнинг косаси ҳеч қачон оқармайди
Режиссёр Шуҳрат Абдуллаев саҳналаштирган мазкур асардаги образларни актёрлар Маъруфжон Ниёзов (Жалил), Нуриддин Исмоилов (Сухсур), Мадина Камолова (Гули), Дилдора Аҳмедова (Лобар), Фурқат Раимжонов (Қулмирза), Дилмурод Воҳидов (Жамшид), Исомиддин Патхиддинов (бемор), Феруза Тошпўлатова (котиба) ғоят таъсирли талқин қилдилар.
Бугун мамлакатимизда инсон қадр-қиммати ғоят баланд тутилаётган, унинг ҳузур-ҳаловатли ҳаётини таъминлаш, муҳофазалаш учун барча зарур чора-тадбирлар қўлланилаётган бир пайтда оқ халатли тиббиётчилар орасида наинки либосига, шаънига, шарафига, ҳурмату обрўсига доғ тушираётганлар ҳам борлигига сира-сира тоқат қилиб бўлмайди. Коррупцияга қарши кураш давлат сиёсати даражасига кўтарилган экан, ҳеч бир жамоада таъмагирлик ва порахўрлик, шифокорлар орасида беморларга ялтоқланишдек ўта салбий ҳолатларга чек қўйиш зарур. Халқини ранжитган, нафсининг қутқусига учган шайтонсифат кимсалар саҳнадаги сингари аянчли аҳволга тушадилар. "Кўза кунда эмас, кунида синади", "Қинғир ишнинг қийиғи" 40 йилда эмас, ҳозир 40 сонияда ҳам чиқиши мумкин. Бу, бошқаларни ҳам ўйлатиши, нопокликдан хазар қилиши, тийилиши шартлиги ибрат мактаби сабоғини берувчи театрнинг саҳна асари мавзусига бежиз айланмаган.
Зеро, театрнинг талантли актёрлари томонидан кўрсатилган саҳна кўринишлари, аввало, оқ халатли инсонларга, қолаверса, уларнинг тегирмонига сув қуяётган озчилик "бойвачча"ларга ёки мажбурликдан бор будини шифокорга сарфлаб, жабрланаётган кўпчилик эзгу ниятли, топими кам тоифадаги кишиларга долзарб огоҳтомоша бўлгани ҳаётий ҳақиқат эмасми?! Худди шундай! Порахўр ҳам, ишини силлиқ битиришга ўрганган, ҳалол шифокорларни ҳам айнитиб, уларни совға ниқобидаги поратўрга ўраб, охир-оқибат қасамига хиёнатдан тап тортмайдиган қабиҳ шахсларга айлантираётганлар ҳам энди кўзларини катта очиб олсинлар. Қилмиш – қидирмиш. Унутманг, йўқотишингиз товони барибир оғир бўлади. Сизнинг хатти-ҳаракатингиз бошқаларга ҳам азият етказади. "Бирники мингга татийди" дейишади-ку яхшилар ёмонларнинг кирдикорларини қоралаб. Келинг, адолатли жамиятимиз кушандаси, кемирувчиси – коррупция балосини орамиздан биргаликда қувайлик. Шифокорларнинг қасами ҳамиша муқаддас бўлиб қолаверсин!
Содиқ САЙҲУН.