Маълумки, шу йил 7 май куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тиббиётнинг бирламчи бўғини ва ихтисослашган муассасаларда хизматлар сифатини ошириш, дори истеъмолини тартибга солиш ҳамда тиббиёт таълимни такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда соҳа мутасаддилари ва вилоят ҳокимларига "Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар" дастурини изчил бажариб бориш топшириғи ва масъулияти юкланди.
Дастур доирасида ҳар бир ҳудуддаги тиббиёт муассасаларида аҳолининг кундалик эҳтиёжларига мос қулайликлар яратиб берилмоқда. Чунончи:
– кутиш залларида зарур ўриндиқлар сони оширилмоқда, қабул навбатлари эса тизимга солинмоқда;
– она-бола учун алоҳида хоналар ташкил этиляпти;
– ногиронлиги бор шахслар учун қулай муҳит – кириш-чиқиш, йўлак ва хоналарда мослаштирилган шароитлар яратиляпти;
– ҳар бир муассасада иссиқ сувли, тоза ва санитар талабларга жавоб берадиган ҳожатхоналар бўлишига эътибор қаратиляпти.
Дастур ижроси учун зарур пул-маблағлар ажратилаётир.
Президентимиз таъкидлаганларидек, "Тиббиёт муассасасига маданият, тартиб-интизом, файз олиб кириб, одамларга ижобий кайфият улашиш" мазкур дастурнинг асосий моҳиятини англатади. Долзарб вазифаларни ўз ичига олган амалий жараёнлар ҳар бир ҳудудда ўзининг қувончли самарасини бериши шубҳасиздир.