Болалар ва ўсмирлар гигиенаси гўдакликдан бошлаб то 17-18 ёшгача бўлган ўғил-қизлар саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш масалалари билан шуғулланади. Фарзандларимиз шахсий гигиена қоидаларига амал қилишга тиллари чиқаётган, тетапоя чоғлариданоқ одатлантира бошланиши керак.
Айниқса, илк ёшда асосий физиологик жараёнлар – уйқу, уйғоқлик, овқатланиш (эмиш)нинг ўз вақтида алмашиниб туриши катта аҳамиятга эга. Бу – боланинг ривожланишига, асаб тизимига яхши таъсир қилади. Ухлаганида осудаликни таъминлаш, уйғоқлигида қулай ва безарар ўйинчоқлар билан ўйнатиш, вақти-вақти билан қўлга олиш ёки қорни билан ётқизиб қўйиш каби усуллар орқали кўрув, эшитув, ҳаракат аъзоларини қўллаб-қувватлаш керак.
Илк ёшларда фарзандимиз организми дам олиш ва ухлашга кўп эҳтиёж сезади. Уни ёзу-қиш ҳар куни очиқ ҳавода камида 2 соат сайр қилдириш зарур. Шунда вужудидаги қон кислородга тўйинади, танасидаги алмашинув жараёнлари бир маромда кечади.
Болалар ва ўсмирлар фаолиятини гигиеник бошқариш уларнинг жинси ва соғлиғига қараб белгилаш, тоқати ва кучига мувофиқ юкламани оз-оздан ошириб боришни тақозо этади. Топшириқларни бажаргач, турли ўйин, енгил спорт машғулотлари ва бошқа ўзлари қизиққан юмушлар билан шуғуллансалар, чарчоқлари арийди, асаблари ёзилишига ёрдам беради.
Болалар ва ўсмирлар гигиенасида ташқи муҳит муҳим роль ўйнайди. Унутмаслик лозимки, улар ўқийдиган, яшайдиган, шуғулланадиган муассаса ва хоналар қатъий гигеник меъёрлар асосида қурилган, хоналар ёруғ, шинам, санитария-техника тизими қулай ва хавфсиз, тоза ҳаво, ичимлик сув ҳамда жиҳозлар билан таъминланиши даркор.
Овқатланиш гигиенаси – долзарб масала. Болаларга тўйимли, мазали ва хилма-хил овқат бериш, унда оқсил, ёғ, углевод, витамин, минерал тузлар меъёрда бўлишини диққат марказида тутиш лозим. Тўғри овқатланиш касалликларга чидамни оширади, ақлий, жисмоний ва меҳнат қобилияти камол топишини таъминлайди. Мактабгача ҳамда мактаб ёшидаги болалар 4– 4,5 соатда овқатланади. Нонуштада оқсилларга бой сабзавот, гуручли овқатлар, тушлик ҳамда кечки тановулда сутли, сабзавотли ҳамда ёрмадан пиширилган таомлар тавсия этилади.
Бола ёшлигидан тўғри уюштирилган жисмоний тарбия ва чиниқтириш машқларига одатлантирилиши мақсадга мувофиқ. Ҳаётининг биринчи ойларида массаж ва жисмоний машқлар билан бирга тоза ҳаводан баҳраманд қилиш, кейинчалик ҳўл сочиқда баданини артиш, чўмилтириш, каттароқлигида душга тушириш ёки устидан сув қуйиш бола организмининг касалликка чидамини оширади ва бақувват қилади.
Албатта, барча гигиеник талаблар шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда амалга оширилсагина кутилган натижаларни беради.
Дилдора МАМАТХОНОВА,
вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт
маркази бош ҳамшираси.