Истиқлол даври ислоҳотлари тиббиётнинг барча йўналишларига янгича ёндошувларнинг кириб келишига кенг йўл очмоқда. Шулардан бири аутсорсинг хизматидир. Яъни, шифохонада ётиб даволанаётган беморларга буюриладиган овқатлар таъминотини тўкис йўлга қўйиш вазифасини зиммага олган тадбиркорлик фаолиятидир.
Бу борада Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмасига хизмат кўрсатаётган "Абдулазиз ва Муҳаммадали" масъулияти чекланган жамиятнинг аҳил жамоаси беш йилдан буён астойдил иш олиб бормоқда. Таъминотчи ва иш юритувчи Аъзамжон Низомбоевнинг айтишича, улар, аввало, бу муҳим вазифани зиммаларига олишгач, эски ошхона биносини мукаммал таъмирлаб, ишловчилар учун қулай шароит яратиб қўйишган. Шунинг учун катта музлатгич доимо турли масаллиқларга тўла. Гўшт, мева-чеваю, сабзавотлар янги-янги келтириб турилади. Натижада беморлар дастурхонига уч маҳал сифатли егуликлар тарқатилади.
– Бизда шифобахш парҳез таомлар тайёрланади, – дейди диетолог ҳамшира Гулчеҳра Жўраева. – Кунига 15 та столга 50 хилга яқин пишириқлар буюртма қилинади. 450дан зиёд хастаҳол инсонларга нонушталик, тушлик ва кечки таомларни узлуксиз етказиш учун 17 кишилик жамоамиз астойдил ҳаракатда. Мақсадимиз овқатланувчиларни зарур овқатлар билан таъминлаб, тезроқ соғайиб кетишларига фойдали ҳисса қўшишдир.
Шифобахш пишириқларни тайёрлашга мутасадди Жамолиддин Сирожиддинов, ошпаз Илҳомжон Абдуллаевларнинг хизматлари ҳам катта. Айниқса, кейинги пайтда жамоа фаолияти ҳамиша қониқарли баҳонланяпти. Чунончи, Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика парҳез таомлар билан даволашни ташкил этиш ва назорат қилиш маркази алоҳида эътироф этмоқда. 2024 йил якунлари бўйича диетолог Гулчеҳра Муҳаммаджоновнага Республика даволаш муассасаларида даволовчи овқатланиш бўйича Наманган вилоятида шифобахш овқатланишни тўғри, сифатли ташкил этиш ҳамда унинг тарғиботини изчил олиб боришдаги самарали хизматлари учун марказнинг Фахрий ёрлиғи берилгани ҳам бежиз эмас. Яқинда у ўз хизмат вазифасини тўлиқ, намунали бажариб келаётганлиги ҳамда тадбиркорларга парҳез таомномалар тузишда кўрсатаётган ёрдами, талабчанлиги ва тавсиялари туфайли марказнинг биринчи даражали Дипломи билан ҳам мукофотланди.
Масъулияти чекланган жамият раҳбарияти ва жамоасининг олийҳимматлиги алоҳида эътиборга сазовор. Улар умумхалқ байрамлари муносабати билан ногиронларга, кам таъминланганларга, ёлғиз аёлларга, қарияларга ва болаларга совғалар тарқатишга одатланишган. Навбатдаги шундай тадбир марказий шифохонанинг болалар бўлимида ташкилланди.
– 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида бизларни йўқлаганлари учун беҳад қувондик, – дейди бўлим мудири, тиббиёт аълочиси Дилмурод Исмоилов. – Мана, 50 дан зиёд кичик беморларимиз қўлига байрам совғалари тарқатилди. Шунингдек, бўлимнинг овқатланиш хонасига тўкин дастурхон ёзилди. Бунинг ташкилотчиларига, айниқса, Аъзамжон Низомбоев ва Гулчеҳра Жўраеваларга, шунингдек, бош врач вазифасини бажарувчи Шокиржон Юсуповга болажонларимиз, уларнинг ота-оналари номидан миннатдорчилик билдирамиз.
Тадбирда шифохонанинг меҳнат фахрийси Раҳмонберди ота Раҳимов ҳам қатнашиб, дардман болаларга саломатлик, эҳсонли тадбиркорларга омадлар тилаб дуога қўл очдилар.
Содиқ САЙҲУН.