Белгиланган ислоҳотларимиз қанчалик тўғри бўлмасин,
тизим рақамлашмаса, кутилган натижага эриша олмаймиз.
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Бугун ҳеч бир соҳа ривожини рақамлаштиришсиз тасаввур этиш қийин. Шу боис яқинда Президентимиз раислигида тиббиётнинг бирламчи бўғини ва ихтисослашган муассасаларда хизматлар сифатини янада ошириш, дори воситалари истеъмолини тартибга солиш ҳамда тиббий таълимни такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган "Белгиланган ислоҳотларимиз қанчалик тўғри бўлмасин, тизим рақамлашмаса, кутилган натижага эриша олмаймиз", деган фикр огоҳлик қўнғироғи сифатида барча масъулларни уйғотиши зарур.
Хабарингиз бор, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Олим Омонов томонидан жойларда ўтказиб келинаётган видеоконференц алоқа шаклидаги йиғилишларда ушбу масала танқидий руҳда таҳлил қилинмоқда.
Наманган вилоятида ташкил этилган навбатдаги йиғилишда ҳудуддаги рақамлаштириш ҳолати тизим раҳбарлари иштирокида кўриб чиқилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ҳамда Тошкент шаҳри ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқарма бошлиқларининг рақамлаштириш бўйича ўринбосарлари жойлардаги студиялардан иштирок этди.
Таъкидлаб ўтилганидек, Президентнинг "Ким рақамлаштиришга қарши бўлса, у коррупцияга шерик", деган фикри соҳадаги янгиланиш жараёнида мезон қилиб олинди ҳамда эндиликда бу борадаги фаолият ана шу асосида баҳоланади.
Компьютер техникалари билан таъминланганлик ҳолати Республика бўйича 65 фоизга етгани ҳолда, Наманган вилоятида 39 фоизни ташкил этган, холос. Бу борадаги энг паст кўрсаткич Чуст тумани ҳиссасига тўғри келади, яъни жами 123 та компьютер мавжуд бўлиб, эҳтиёжнинг бор-йўғи 19 фоизи қопланган. Попда 23, Уйчи, Норин, Тўрақўрғон ва Наманган туманларида эса 29 фоизга таъминланган.
Қайд этилганидек, вилоятда тиббиёт муассасаларини локал тармоқларга улаш ишлари ҳам кўнгилдагидек эмас.
Мисол учун, Янги Наманган тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли туғуруқ бўлимида 4 та, Чортоқ тумани тиббиёт бирлашмаси бўлимларида 8 та, Янгиқўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонасида 12 та компьютер учун локал тармоқ тортилмаган.
Йиғилишда айтиб ўтилганидек, Чортоқ тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли кўплаб муассасаларда DMED тизими жорий қилинган, аммо ундан фойдаланиш кўрсаткичи паст даражада. Шу боис айрим шифокорларнинг бу тизимдан умуман хабари йўқ.
Учқўрғон ТТБга қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникада беморлар тизимда "навбат" статусида қолиб кетган бўлса, Мингбулоқ ТТБда аҳолини тизимга биркитиш ишлари якунига етказилмаган, омборхона ва лаборатория модуллари умуман йўлга қўйилмаган.
Уйчи ТТБнинг кўп тармоқли марказий поликлиникасида эса тизим жорий қилинган, лекин IT ҳамшира томонидан ундан фойдаланиш ҳолати мониторинг қилинмаган.
Албатта, бу ҳолатлар кўрсаткичларда ҳам акс этмоқда. Яъни вилоят бўйича шифокорлар томонидан 75 мингта бемор кўриклари DMED тизимига киритилмасдан қолган.
Бугун вилоятда пуллик хизмат кўрсатувчи 57 та тиббиёт муассасаси бўлиб, шундан атиги 11 таси DMED тизими касса модулидан фойдаланиб келаётгани ҳам ташвишлидир.
Мажлисда ходимларни ишга қабул қилиш жараёнида коррупциявий ҳолатлар сақланиб қолаётгани танқид қилинди. Масалан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўрсатмаси билан Hrm.Argos тизими орқали тиббиёт ходимларини танлов асосида ишга олиш белгиланган, аммо қатор муассасалар, ҳатто, унга уланмаган ҳам.
Давлатобод, Янги Наманган, Тўрақўрғон, Наманган, Чортоқ, Поп тумани тиббиёт бирлашмалари ҳамда бир қатор ихтисослаштирилган марказларнинг филиалларида айни шу ҳолат аниқланган.
Йиғилишда кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.