Бошқарма тизимидаги барча даволаш-профилактика муассасаларида жорий йил 7 май куни ўтказилган селектор йиғилишида Президентимиз билдирган танқидий-таҳлилий фикр­лар, белгиланган долзарб вазифалар ўрганилиб, ижросини таъминлашга чуқур масъулият ва шахсий жавобгарлик ҳисси билан киришилди. Жумладан, маҳаллама-маҳалла, хонадонма-хонадон тиббий хатлов ўтказиш баробарида аҳоли 4 та хавф гуруҳига ажратилиб, тегишли профилактик ва даволаш ишлари изчил олиб бориляпти.

 

Хатловлар соғлом турмуш тарзига риоя қилувчи оилалар кўплигига қарамай, ҳали бу ўта муҳим масалага беписанд қараладиган хонадонлар ҳам борлигини кўрсатди. "Саломатлик мактаблари" фаолларининг эътибори ана шундай кишилар ўртасида жисмоний фаоллик, тўғри овқатланиш, ижтимоий-маънавий муҳит, озодагарчилик ва бошқа устувор тамойилларни қарор тотиришга йўналтирилди. Натижада 1 миллион 400 минг нафардан ортиқ фуқаролар билан индивидуал суҳбатлар ўтказилди. 28 мингга яқин хонадонда соғ­лом овқатланиш, шахсий гигиена тренинглари, нотўғри овқатланиш оқибатида келиб чиқадиган юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш, ортиқча вазн ва семизлик, зарарли одатлар (чекиш, спиртли ичимликлар) касрига оид илмий-амалий тадбирлар ташкил этилди.

 

Хавф гуруҳи бўйича ажратиб олинган кишилар учун эндокринолог, онколог, кардиолог, нев­ролог ва терапевтлар ҳамкорлигида юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, ўз касаллигини назорат қилиб бориш йўл-йўриқларига оид машғулотлар мунтазам олиб бориляпти. Айни пайтда тана вазни индексини ўлчаш, қандли диа­бет 2-тури хавфини баҳолаш, 40 ёшдан катта бўлганларга юрак-қон томир касалликлари хавфини баҳолашда телеграмм-ботлари ва мобиль иловаларидан фойдаланиш ўргатилди.

 

Аҳоли кўп тўпланадиган гузарлар, бозорлар, кўчалар, боғлар, супермаркетлар олдида "Соғлом овқатланиш ярмаркаси" ҳамда "Саломатлик майдончаси" ташкил этилди. Ҳар галги "Пиёда юриш кунлари"да 1500-2000 нафар кишининг иштироки таъминланяпти. Мактабларда ўтказилган спорт тадбирларида 15 минг 500 нафар ўқувчи қатнашди.

 

547 та мактаб ва мактабгача таълим муассасаларидаги ўрта тиббиёт ходимлари, психологлари иштирокида "Соғлом турмуш тарзи асослари: "Тоза қўллар учун", "Жозибадор табассум" ва "Соғлом овқатланиш асослари" мавзусида илмий-амалий семинарлар ташкилланди. Вояга етмаганлар ўртасида эса гаджетлардан нотўғри фойдаланиш оқибатларини тушунтиришга бағишланган уч мингдан ортиқ кўргазмали машғулот амалга оширилди. Бу йўналишлардаги тиббий-маърифий ишлар ҳамкор ташкилотлар ёрдамида мунтазам олиб борилмоқда.

 

Дилором МАМАТХОНОВА,

 

вилоят соғлиқни сақлаш

 

бошқармаси бўлим бошлиғи.