Юртбошимиз Наманганга ўзгача меҳр билан қарайдилар. Шунинг учун ҳамиша кўтаринки кайфият билан тилга оладилар. "Мен қачонки гўзал ва бетакрор Наманган заминига келсам, бу ердаги кўча ва хиёбонлар, майдонларда яшнаб турган гул-чечакларни, сўлим ва ораста манзилларни кўриб, очиғи баҳри дилим очилиб кетади. Вилоятда ҳар йили гул байрамининг чиройли ўтказилиши, бу байрам наманганликлар ҳаётига сингиб, яхши анъанага айланиб қолгани бежиз эмас" деган эътирофлари ҳар биримизни фахрлантиради.

 

64-Халқаро гуллар фестивали тадбирлар дастурига назар солсак, кўлами кенглиги, мафтункорлиги ва мазмундорлиги янада бой бўлиши режалаштирилган. Чунончи, Наманган шаҳрида 25 май кунидан бошланадиган тадбирлар 29 июнь кунигача давом этади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур боғи дарвозаси олдида тантанали очилиш маросими ўтказилади. Гуллар билан безатилган автомобиллар паради гуллар фестивалининг рамзий лентасини қирқиш маросимига ўзгача шукуҳ бағишлайди. 25-29 май кунлари вилоят мусиқали драма театри ҳамда вилоят қўғирчоқ театри фестиваль қатнашчиларини спектаклларга чорлайди. Шунинг­дек, Ахсикент архео­ло­гия парки галереясининг очилиш маросими ҳам 25 май кунининг иккинчи ярмида ташкилланади. Оқшомга бориб, "Янги Ўзбекистон" боғи амфитеатрида ўзбек ва жаҳон эстрадаси юлдузлари иштирокида шоу концерт намойиш қилинади. Биз фес­тиваль дас­тури ижроси тўғрисида келгуси сонларда ҳам ҳикоя қилиб борамиз. Кўнгилдаги ҳаяжон ва фахру ғуруримизни қуйи­даги шеърий сатрларда ифода этганмиз:

 

Халқи эркин, ҳур диёр,

 

Тупроғи зар, дур диёр,

 

Ватан ичра гулдиёр,

 

Бул Наманганим маним,

 

Гул Наманганим маним.

 

 

 

Парча ери бўш турмас,

 

Деманг: тошда гул унмас,

 

Қуш тинса ҳам, эл тинмас

 

Бул Наманганим маним,

 

Гул Наманганим маним.

 

 

 

Кўчада гул, уйда гул,

 

Туғилган кун, тўйда гул,

 

Гулкорига фойда гул,

 

Бул Наманганим маним,

 

Гул Наманганим маним.

 

 

 

Мингранг карвон тузилар,

 

Йўллар узра тизилар,

 

Гулдастурхон ёзилар,

 

Бул Наманганим маним,

 

Гул Наманганим маним.

 

 

 

Машиналар "келинчак",

 

Тақиб олар гул чечак,

 

Жаннат жилоси бешак

 

Бул Наманганим маним,

 

Гул Наманганим маним.

 

 

 

Мўйқаламсиз мусаввир,

 

Гулмўъжиза тасаввур,

 

Донғи дунёга довур

 

Бул Наманганим маним,

 

Гул Наманганим маним.

 

 

 

Кечалари ранго-ранг

 

Чироқларга бир қаранг,

 

Фарқлайсиз гулдан аранг,

 

Бул Наманганим маним,

 

Гул Наманганим маним.

 

 

 

Яқин-йироқда роса

 

Фестивали овоза,

 

Ҳавоси хушбўй, тоза

 

Бул Наманганим маним,

 

Гул Наманганим маним.

 

 

 

Оқиб келар одамлар,

 

Дадил, илдам қадамлар,

 

Тенгсиз гўзал о, дамлар,

 

Бул Наманганим маним,

 

Гул Наманганим маним.

 

 

 

Йигитлар гул тутгувчи,

 

Қизлари гул кутгувчи,

 

Барча бахтин битгувчи

 

Бул Наманганим маним,

 

Гул Наманганим маним.

 

 

 

Ҳам кичигу ҳам катта

 

Қиёсиздир ғайратда,

 

Меҳмон ҳадсиз ҳайратда

 

Бул Наманганим маним,

 

Гул Наманганим маним.

 

 

 

Айтинг, айтинг қаерга

 

Дунё келар сайрга?

 

Шошилмас ҳеч хайрга,

 

Бул Наманганим маним,

 

Гул Наманганим маним.

 

 

 

Дилларида меҳри бор,

 

Тилларида сеҳри бор,

 

Нафосатнинг наҳри бор

 

Бул Наманганим маним,

 

Гул Наманганим маним.

 

 

 

Файзли ҳар йил баҳори,

 

Тўкилмайди оҳори,

 

Ўзбекистон гулзори

 

Бул Наманганим маним,

 

Гул Наманганим маним.

 

Содиқ САЙҲУН.