Халқаро гуллар фестивали ҳар томонлама муносиб ўтишини таъминлашда тиббий хизмат жуда катта аҳамиятга эга. Чунки бу йилги об-ҳавонинг кескин ўзгарувчанлиги, яқин тарихда кузатилмаган юқори даражадаги иссиқлик байрам тадбирлари ўтадиган жойларда соғлиқни сақлаш ишини изчил ва тезкорлик асосида йўлга қўйишни тақозо этади. Кучли ҳарорат ва ўткир офтоб кимгадир салбий таъсир қилиши мумкин. Боғлар, сайилгоҳлар, кўчалар тўла турли-туман гуллар гўзаллик ва нафосат улашиш билан бирга иммунитети паст, ҳид ва ўсимлик чангларига сезувчанлиги баланд одамларда аллергик ҳолатларни келтириб чиқаришининг олдини олиш зарур.

 

– Шу боис Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли боғ, "Афсоналар водийси" аквапарки, Наманган шаҳри, Давлатобод тумани ҳудудидаги оммавий сайилгоҳларда биринчи тиббий ёрдамда қўлланиладиган барча дори-дармон, жиҳозлар билан таъминланган пунктлар ташкил этилди, – дейди шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг ўринбосари Бахтиёр Эргашев. – Бу масканларда Наманган шаҳар, Давлатобод тумани кўп тармоқли марказий поликлиникалари ҳамда 1-оила поликиникаси врачлари, ўрта тиб­биёт ходимлари жадвал асосида тонгдан оқшомгача байрам иштирокчилари саломатлигини сақлайдилар.

 

Республика тез тиббий ёрдам маркази Наманган филиали фидойилари ҳам фестиваль кунлари учун махсус ишлаб чиқилган режа ва тартиб асосида фаолият олиб борадилар.

 

– Байрам давомида сайил иштирокчиларига хизмат кўрсатиш учун 10 та замонавий тез ёрдам машиналари ажратилди, – дейди филиал директорининг ўринбосари Аъзамжон Муродов. – Заҳириддин Муҳаммад Бобур боғида 2 та, "Афсоналар боғида" 1 та реаномобиль, тез тиббий ёрдам бригадалари туну кун ишлайди. Уларда врач, ҳамшира, ҳайдовчидан иборат 9 нафар ходим фаолият олиб боради.

 

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг махсус тадбирлар режасида халқаро анжуман қатнашчиларининг соғлиғини асраш, саломатлигини таъминлашнинг барча жиҳатлари белгиланган.

 

Муҳаммад ОБИЛОВ.