Халқаро ҳамширалар куни муносабати билан Наманган вилояти мусиқали драма театрида тақдирлов маросими бўлиб ўтди. Турли танловлар ғолиб ва сов­риндорлари, касбий салоҳияти билан барчага ўрнак бўлиб келаётган ўрта тиббиёт ходимлари, фахрийлар таклиф этилган анжуманни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулҳоди Иминов табрик сўзи билан очди.

 

Таъкидланганидек, муҳтарам Президентимиз томонидан соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган кенг кўламли трансформация жараёнларида замонавий, креатив фикрлайдиган, кенг дунёқарашга эга ва маҳоратли ўрта тиббиёт ходимларининг янги авлодини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дарҳақиқат, аввалгидек ҳамшира деганда беморларни фақат шифокор тавсияси билангина парвариш қиладиган оддий тиббиёт ходими эмас, балки билим ва малакаси юқори, юксак масъулиятли мутахассис сиймоси гавдаланяпти.

 

Замонавий ҳамшира юқори технологик амалиётлар, буйрак ва жигар кўчириб ўтказиш каби ноёб операцияларда шифокорнинг том маънода ўнг қўли, бемор ҳаёти учун елкама-елка кураша оладиган ишончли кўмакчисига айланди.

 

– Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 май куни ўтказган видеоселектор йиғилишидан кейин соҳа ишини янги босқичга кўтариш саъй-ҳаракатлари янада авж олди, – деди Абдулҳоди Муҳиддинович. – Бу борада ўрта тиббиёт ходимлари ҳам фаоллик кўрсатмоқдалар. Айниқса, тиббий муолажаларни амалга оширувчи, беморларга шерик бўлиб, уларга ширин сўзи ва қалб ҳарорати билан далда бергувчи ҳамширалар зиммасидаги вазифалар кўлами ҳам ортяпти. Ўз устида тинимсиз изланаётган ва замон талаблари асосида ишлашга лаёқати етадиган ходимлар, албатта, қадрланадилар.

 

Бир гуруҳ илғорлар бош­қарма ҳамда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят кенгашининг Фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Тантана иштирокчиларига байрам туҳфалари улашилди.

 

Театр санъаткорлари томонидан ижро этилган куй-қўшиқ, юмористик саҳналар ҳамшираларга чинакам байрамона завқ-шавқ бахш этди.

ҒОЛИБЛАРДАН ЎРНАК ОЛИНГ!

 

Олий ҳамширалик иши мутахассислигига эга бўлган ҳамширалар, ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари ўртасида бўлиб ўтган "Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими" танлови ғолибалари аниқланди. Улар орасида вилоятимиздан қуйидагилар бор:

 

"Йилнинг энг яхши реанимация ҳамшираси" номинациясида

 

Поп тумани тиббиёт бирлашмаси реанимация бўлими ҳамшираси Юлдашева Мукаддамхон Улкановна 1-ўринни;

 

"Йилнинг энг яхши фармацевти" номинациясида

 

Косонсой туман тиббиёт бирлашмаси ички дорихона фармацевти Саломова Иқболхон Илҳомжоновна 2-ўринни;

 

"Йилнинг энг яхши болалар ҳамшираси" номинациясида

 

Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази эрта ёшли болалар патология бўлими ҳамшираси Қаюмова Дилфуза Содиқжоновна 3-ўринни қўлга киритдилар.