https://tipme.uz/assets/img/cath/9_2.jpg

Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази психиатрия кафедраси мудири, профессор Улуғбек Худоярович Алимов раҳбарлигидаги Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг бир гуруҳ шифокорлари марказнинг психиатрия хизмати бўйича Наманган вилояти филиалида бўлдилар. Улар ижтимоий ҳимоя реестрида турувчи руҳий беморларни кўрикдан ўтказиб, даво муолажаларини белгиладилар. Айниқса, ташхислаш қийин бўлган, ижтимоий хавфли хатти-ҳаракатларга мойил руҳий беморлардаги хасталик омилларини ўрганиб, соғ­ломлаштириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилганлиги филиал мутахассислари учун назарий ва амалий маҳорат дарси бўлди.

 

Профессор Улуғбек Худоярович муассасамиз шифокорлари, беморлар ва уларнинг яқинлари иштирокида давра суҳбати ўтказиб, бу хавфли касалликнинг олдини олиш, беморлар билан мулоқотнинг муҳим жиҳатлари ҳақида сўз юритди.

 

– Руҳий касалликлар омиллари жуда кўп, – деди профессор. – Кўпинча қариндошлар ва руҳий беморлар ўртасидаги никоҳлар, бош билан боғлиқ шикастланишлар, бош мия­да қон айланиши бузилиши, оилавий зиддиятлар, ҳаёт синовларига иродасизлик қилиш, ўзини идора эта билмаслик каби жараёнлар ана шу хасталикка йўлиқтириши кузатилмоқда. Оқибати эса ҳар қандай ёшдаги кишининг фаолияти, ҳаёт сифатига салбий таъсир қилиши тайин. Ҳатто, кексалар ҳам руҳий бузилишлар, уйқусизлик, хотиранинг кескин пасайиши, паришонхотирлик, тушкунлик, ғазабланса ўзини боса олмаслик, ижтимоий хафли ҳаракатга мойилликдан азият чекадилар.

 

Бу дард ҳар доим асосий ва генетик сабабларнинг комбинацияси бўлиб, улар таълим-тарбия ва одамни ўраб турган муҳитдаги зиддиятлар таъсири туфайли юзага келади.

 

Устоз маҳорат дарсларида уқтирганларидек, руҳий касалликларни ташхислаш жисмоний касалликларни ташхислаш усулларидан катта фарқ қилади. Бу хасталикни лаборатория диагностикаси, қон таҳлили билан аниқлаш мумкин эмас. Шахсиятни ташхислаш, баҳолаш ва психологик хулоса усуллари билангина амалга оширилади.

 

Даволашда энг зарур ва самарали усул – бу, психологик терапиядир. У, аввало, одамларнинг азоб-уқубатларини камайтиради. "Психологик терапия" ёки "нутқ терапияси" деб аталадиган усулнинг психоанализ, когнитив-хулқ-атвор, жуфтлик, оилавий, экзистенсиал, гуманистик, эмпирик ва постмодерн терапиялари каби турлари касаллик даражаси, беморнинг жинси ва ёшига қараб қўлланилади.

 

Ўткир руҳий касалликларни даволашда дори-дармонлар ва психотерапия бирлаштирилади. Препаратлар руҳий касалликнинг биологик сабабларини бартараф этиб, инсоннинг руҳий ҳолатини яхшилайди.

 

Ҳудудий филиаллар фаолият самарадорлигини ошириш учун ана шундай назарий ва амалий кўмаклар ташкиллаётган Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда РИРСИАТМ раҳбариятига жамоамиз номидан миннатдорчилик изҳор этамиз.

 

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ,

РИРСИАТМ Наманган филиали директори.