Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Наманган вилояти бошқармаси томонидан аҳолини сифатли дори воситалари билан таъминлаш ҳамда соҳадаги яширин айланмаларга барҳам бериш борасида аниқ мақсадга қаратилган ишлар доимий равишда амалга оширилмоқда.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали мажлислар залида Департамент Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Б. Маҳмудов, Давлат молиявий назорат бошқармаси бошлиғи Б. Ходжиев ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва унинг қуйи тизими раҳбар ҳамда ҳисобчилари иштрокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда Президентимизнинг 2024 йил 29 ноябрдаги "Тиббиёт муассасаларини фармацевтика маҳсулотлари ва тиббий жиҳозлар билан таминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорининг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 2025 йил 7 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган вазифаларга қисқача тўхталиб, Департамент вилоят бошқармаси томонидан тиббиёт ходимлари ўртасида коррупция ва таъмагирлик билан боғлиқ қўзғатилган ва юритилаётган жиноят ишлари ҳамда дори воситалари ва тиббий буюмларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ жиноят ишлари ҳақида тўхталиб, қиймати 5,5 миллиард сўмлик дори-дармон воситалари муомаладан олинганлиги таъкидлаб ўтилди.
Бундан ташқари, муассасаларга дори-воситалари ва тиббий буюмларни харид қилишда Ўзбекистон Республкасининг "Давлат харидлари тўғрисида"ги Қонуни талабларига қатъий риоя этиш, коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик, манфаатлар тўқнашувига чек қўйиш вазифалари белгилаб берилди.
Шу билан бирга, вилоят тиббиёт муассасаларида таъмагирликнинг олдини олиш бўйича профилактик ва тезкор-тадбирларни доимий ўтказиб борилиши такидланди.
Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.