Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ижтимоий ҳимояга муҳтож, камбағал оилалар реестрига киритилган аҳоли орасида касалликларни эрта аниқлаш мақсадида ўтказилаётган "Соғломлаштириш ойлиги" Уйчи туманида ҳам изчил давом этмоқда.
Республика, вилоят тиббий марказларининг тор соҳа мутахассислари, туман шифокорлари галдаги тадбирда туман маданият марказида жам бўлдилар. Улар эрта тонгдан имтиёзли тоифага мансуб кексаю ёшларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишга киришдилар. Кўчма рентген аппарати, ЭКГ, УТТ ҳамда мобиль поликлиника ва офтольмологик қурилма шу ернинг ўзида ҳозирлангани сифат ва самарадорлик омили бўлди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъул ходими Гули Холиқова назорати остида амалга оширилган мазкур тадбирда 400 нафардан зиёд фуқаро травматолог, невропатолог, ортопед, онколог, эндокринолог, гинеколог, педиатр ва бошқа мутахассислар назоратидан ўтди. 5 нафар ногиронлиги бўлган шахсга ўз уйида тиббий хизмат кўрсатилди. 6 киши вилоят, 15 киши туман шифохонасида стационар, 270 киши амбулатор муолажага жалб этилди. 110 иштирокчига касаллик хавфини бартараф этиш юзасидан тиббий маслаҳат берилди. Камбағаллик реестридаги оилаларнинг 2 нафар фарзанди гепатит А касаллигига қарши вакцина билан бепул эмланди.
– Соғломлаштириш ойлиги юксак қадр-қимматнинг яна бир ифодаси бўлди, – дейди меҳнат фахрийси Абдусалом Каримов. – Пойтахт ва вилоят мутахассислари келиб, шу ернинг ўзида дардимизга малҳам қўйишди. Илгари сарсон-саргардон бўлиб, моддий қийинчиликлардан эзилиб, ўзимиз борардик. Бугунгидек ғамхўрликлар учун давлатимиз раҳбарига, ҳокимликларга, шифокорларга чин дилдан раҳматлар айтамиз.
Ойлик тадбирлари энг чекка қишлоқ ва маҳаллаларни ҳам қамраб олди.
Муҳаммаджон ОБИЛОВ.