Yashil energiya” sertifikatlari tizimi joriy etiladi | NORMA.UZ

Бугунги кунда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш глобал миқёсда долзарб масалага айланган. Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ҳаво ва сув тозалигини сақлаш ҳамда иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳар бир давлат ва жамиятнинг устувор вазифаларидан биридир. Шу муносабат билан, 2025 йил Ўзбекистонда "Атроф-муҳитни асраш ва "яшил" иқтисодиёт йили" деб эълон қилинди.

 

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш биринчи галда инсон саломатлигига таъсир қилади. Ифлосланган ҳаво ва сув одам организмида турли касалликларни келтириб чиқаради. Шунинг учун ҳам табиатни муҳофаза қилишга доир тадбирлар нафақат экологик, балки ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга ҳам эга.

 

"Яшил" иқтисодиёт деганда атроф-муҳитга зарар етказмасдан, барқарор ривожланишни таъминлайдиган иқтисодий модель тушунилади. Унинг асосий тамойиллари қуйидагилардан иборат:

 

1. Тоза энергия манбаларидан фойдаланиш – қуёш, шамол, гидроэнергия ва бошқа қайта тикланувчи ресурслардан кенг фойдаланиш.

 

2. Маиший ҳамда саноат чиқиндиларини камайтириш, уларни қайта ишлаш орқали ресурсларга айлантириш.

 

3. Ўрмонлар, дарёлар ва бошқа табиий ресурс­ларни эҳтиётлаш.

 

4. Ишлаб чиқариш жараёнларининг атроф-муҳитга зарарни камайтириш.

 

Мамлакатимизда "яшил" иқтисодиётга ўтиш бўйича қуйидаги йўналишларда изчил ишлар олиб бориляпти:

 

1. Қуёш ва шамол электр станцияларининг қурилиши.

 

2. Чиқиндиларни қайта ишлаш ва камайтириш.

 

3. Ёқилғи тежамкор технологияларни жорий этиш.

 

4. Экологик таълим ва тарғибот.

 

Юртдошларимиз бу жараёнда иштирок этиб, табиатни асраш ва ресурслардан оқилона фойдаланишга ҳисса қўшмоқдалар. Жумладан, дарахт, бута ва гуллар экиш оммавийлик касб этди. "Яшил макон" лойиҳаси асосида 4Р-112 автомобиль йўлининг Поп туманидан ўтувчи Фарғона ҳалқа йўли бўйлаб 37 километр масофада корхона, ташкилотлар томонидан "Яшил белбоғ" барпо этилмоқда.

 

Наманган давлат педагогика институтининг табиий фанлар кафедраси доценти М. Қориев томонидан ишлаб чиқилган сув тежамкор агротехнология асосида ярим гектар майдонга 500 туп садақайрағоч кўчатлари экилди. Мазкур агротехнология­нинг афзаллиги шундаки, қиш ва баҳор ойларидаги ёғингарчилик таъсирида тупроқда тўпланган намликни узоқ вақт сақлаб туриш имконини беради. Натижада кўчатларни суғориш учун сарфланадиган сувнинг бир қисмини тежаб қолишга ёрдам беради. Шу боис суғориш таъминоти мураккаб бўлган ҳудудларга мевали ва манзарали дарахтлардан боғ ташкил этишда ушбу агротехнологиянинг аҳамияти каттадир.

 

Муҳаммадсоли МЎМИНОВ,

 

Гавҳархон ТОШМИРЗАЕВА,

 

НамДПИ ўқитувчилари.