Шу йил 25 сентябрда тенгдошим, кўп қаватли уйда ёнма-ён яшовчи Лидиянинг иш билан уйдан чиқиб кетиб, икки кунгача қайтиб келмаганидан ғоят ташвишландим. Учинчи куни билдимки, у йўловчи ташувчи "Дамас"да бораётиб бирдан ҳушини йўқотган. Ҳайдовчи уни 1-шаҳар шифохонасига ўз вақтида етказган. Сўнг "Гўзал" даҳасидаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалига геморрогик инсульт ташхиси билан ўтказилган. Бундан хабар топгач, кўмакка шошилдим. Мен интернетдаги Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали зудлик билан Республика Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига, Наманган вилоят ҳокимлигига ва Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат этдим.

Албатта, бемор алоҳида эътибор ва назоратга олинди. 5 октябрдан реанимация бўлимидан нев­рология бўлимининг умумий палатасига ўтказилди. Бу пайтда унинг тўла соғайиши учун анча дори-дармонлар кераклиги маълум эди. Ёлғиз аёлга ғамхўрлик уюштириш мақсадида мавжуд ҳолатдан Наманган шаҳар ҳокими, ҳоким ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Феруза Жалиловага мурожаат қилдим. Яна "Ўзбектелеком" АКнинг Наманган филиалига (Лидия у ерда узоқ йиллар ишлаган) ўзининг меҳнат фахрийси моддий ёрдамга муҳтож ётганини хабарладим. Натижада бемор саломатлигини тиклашга етадиган дори-дармонлар уларнинг кўмагида етказиб турилди.

1-шаҳар шифохонаси бош врач ўринбосарлари Мавлуда Турсунова, Беҳзод Раҳимовлар, гематология бўлими мудири Санобар Маҳмудоваларнинг ўз вақтида муолажалар ўтказилишини таъминлаганликлари туфайли оғир бемор аёл тезда оёққа турди. Ўтган 15 кунда қўшнимнинг аҳволи сезиларли яхшиланди. Айниқса, бош врач Тоҳиржон Бойдедаевнинг инсонларга ғоят эътиборли, ходимларига талабчан раҳбар эканлигига яққол ишонч ҳосил қилдим.

Лидия Файзуллина ўзининг ёлғиз эмаслигидан кўнглига мунавварлик югурди, ҳаётга муҳаббати янада ошди. Энди 5-оила поликлиникаси врач ва ҳамширалари муолажани давом эттиряптилар.

Ўйлаймизки, унинг қадрдон корхонаси - "Ўзбектелеком" АК филиали маъмурияти ўзининг меҳнат фахрийсига келгусида ҳам ёрдамини аямайди.

Марина Николаевна Болотова.