Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика Кенгаши томонидан таъсис этилган "Менинг онам ҳамшира" расмлар танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Муассаса, ташкилот, туман ва шаҳар кесимидаги беллашувларда минг нафардан ортиқ 7-10 ёшли ўғил-қизлар фаол иштирок этдилар. Уларнинг 17 нафари вилоят босқичига йўлланма олди.
Иштирокчи болажонлар ўрта тиббиёт ходими бўлган оналари ва оталарининг ғоят масъулиятли ва шарафли фаолиятлари ҳақидаги тасаввурларини мўйқалам тили билан содда, теран ва ёрқин рангларда ифода этдилар. Жажжи тасаввур ва тафаккур меваси бўлган картиналар НамДУ доцентлари – психолог Мўътабар Мақсудова, тасвирий санъат мутахассиси Бобуржон Набиев ҳам ташкилий комиссия аъзолари томонидан холисона баҳоланди.
Барча қатнашчи ва уларнинг ота-оналарига Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят Кенгашининг Фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари тантанали тарзда топширилди.
Шундай қилиб, асарлари энг юқори баҳоланган Тўрақўрғон тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси ҳамшираси Шаҳзода Тўлқинованинг қизи, тумандаги 1-мактабнинг 2-синф ўқувчиси Омина Орифжонова танловнинг республика босқичида қатнашиш имкониятини қўлга киритди.