Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг бевосита кўрсатма ва ташаббуси билан Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Наманган филиали, Ўзбекистон соғ­лиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг вилоят кенгаши ва бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан бу йилги беллашув ҳам юқори савияда ташкил этилди.

 

800 нафарга яқин ходим танловнинг муассаса ҳамда тиббиёт бирлашмаси босқичларида ўз тажриба ва маҳоратларини намо­йиш этиш орқали томошабин сифатида қатнашган минглаб дояларни ўз билим ва малакаларини оширишга руҳлантирдилар.

 

Байрам муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирга 14 та номинация ғолиб ва сов­риндорлари, туғруқ марказлари вакиллари, шаҳар, туман тиббиёт бирлашмалари тиббий бригадалар аъзолари таклиф этилди.

 

Маросимни соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари, ташкилий қўмита раисининг муовини Васила Тожибоева очиб, вилоятимиз дояларини касб байрамлари билан табриклаб, она ва бола саломатлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлардаги муносиб ҳиссаларини эътироф этди.

 

Беллашув ғолибларига диплом, совриндорларга Фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

 

Шундай қилиб, "Патронаж доя – аёл саломатлиги таянчи" кўрик-танловининг 14 та номинацияси бўйича вилоят босқичининг ғолиблари республика миқёсидаги беллашувда иштирок этишга тавсия қилинди.

 

Муҳаммаджон ОБИЛОВ.