Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 декабрдаги "Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштиришни жадаллаштириш ҳамда илғор рақамли технологияларни жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ 415-сонли Қарори ортиқча тартиб-таомилларни қисқартириш, тиббий хизмат қамровини кенгайтириш, тиббиёт ходимларининг иш самарадорлигини оширишнинг бош омили бўлмоқда. Бирламчи тизим тўлиқ рақамлаштирилиб, "DMED" парталига интеграциялаштирилди. Уларни 14 нафар ахоборт коммуникация технологиялари мутахассиси ҳамда қисқа тайёрлов курсларидан ўтган 208 нафар тиббиёт ҳамшираси бошқармоқда.

 

Жумладан, Чортоқ тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси, 12 та оилавий шифокорлик    пункти, 5 та оила поликлиникаси жамоаси аҳолига ана шу замонавий имкониятлар асосида хизмат кўрсатмоқда. 4 минг 400 нафардан зиёд фуқаро яшайдиган Қорабоғ қишлоғи оила шифокорлик пунктидаги рўйхатхона, врач кўриги, оилавий шифокор хоналарига жами 4 та компьютер қўйилиб, онлайн тармоққа уланди.

 

– Оила шифокорлик пунктида тиббиётчи ва беморлар учун яратилган қулайликларни кўриб, жуда қувондим, – дейди Турғунали Самархонов. – Илгари тиббий картамизни олиш, врачга кириш учун навбат можароси, таҳлил топширишдаги тиғизлик асабларни таранглаштирарди. Ҳозир эса ҳамма жараёнлар тартибли. Тирбандлик, вақт йўқотиш йўқ. Тиббий хизмат яхшиланди. Биз қишлоқ аҳли беҳад миннатдормиз.

 

Рақамлаштириш татбиқ қилиниши баробарида мазкур тизимни бошқара оладиган оператор-ҳамшира лавозимлари жорий этилди. Улар фуқароларнинг электрон маълумотлар базасини шакллантиришда фаоллик кўрсатдилар. Маълумотлар онлайн тарзда алмашиниши туфайли тиббиёт ходимларининг қоғозбозлик, ҳужжатлар тўлдиришга кетадиган вақти беморлар билан бафуржа шуғулланишга қаратилмоқда.

 

Касаллик тарихлари электрон вариантга ўтказилиши, рақамли рецептлар, масофавий маслаҳатлар ва тиббий маълумотлар базаларининг ягона тизими кўплаб муаммоларни ҳам барҳам топтирди. Биргина мисол. Чортоқ тумани марказидан 20 километр олисда жойлашган Бодомзор, Деҳқонобод, Алихон маҳалла фуқаролар йиғинидаги 12 минг 600 нафар аҳоли КТМП, туман ёки вилоят шифохоналарига қоғоз вариантидаги маълумотни олиб боришга қанча вақт ва маблағ сарфлар эди. 53-оила поликлиникасида ахборот технологиялари ишга туширилгач, фуқаролар ана шундай сарсонгарчиликлардан қутулдилар.

 

– 100 қатновли поликлиникамизга ҳар куни 120-130 бемор муро­жаат қилади, – дейди рақамли ахборот оператори Рустам Ҳамдамов. – Тиббий суғурта тизимига ўтиш доирасида DMED тармоғига боғланганлигимиз боис мавжуд юкламаларнинг уддасидан осонлик билан чиқишга эришяпмиз. Чунки аввал врач бир бемор кўриги ва қоғозбозликларга 30-40 дақиқа вақт сарфларди. Эндиликда 10 дақиқа кифоя. Қолаверса аҳоли соғлигига оид электрон маълумотлар портал базасида доимий ва ишончли сақланади. Улардан қачон шахс саломатлиги ҳақида қайдлар зарур бўлса, муаммосиз олиниши мумкин.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг таҳлилларига кўра қоғоз шаклидаги касаллик тарихлари 2,5 миллион донани ташкил этган. Унинг ҳам 30 фоизи қайта ишлаш жараёнида яроқсизланиш даражасига келган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоб-китобича, рақамли тизимга ўтиш бюрократик ҳаражатларни 20-30 фоизгача камайтирган.

 

Дарҳақиқат, рақамлаштириш – замон талаби. Бу тизим "Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун" тамойили асосида олиб борилаётган хайрли ишлар натижадорлигини таъминлашда муҳим роль ўйнамоқда.

 

Баҳодир ИСАБОЕВ,

 

реаниматолог.