Республикамизда жаҳон илғор тажрибасига асосланган Миллий эмлаш тақвими қабул қилинган. Бошқарилувчи юқумли касалликларга қарши болаларни эмлаш ишлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Республикада юқумли касалликларнинг иммунопрофилактикасини ташкил этиш ва ўтказиш" тўғрисидаги санитария қоида ва меъёрларининг эмлаш жадвали асосида олиб борилади. Профилактик эмлаш ҳисобига кўплаб юқумли касалликларга барҳам бериляпти. Натижада мамлакатда дифтерия касаллиги 2001 йилдан бери қайд этилмаган. "В" гепатит билан касалланиш кўп маротаба қисқарди. Полио­мие­лит хасталиги 1996 йилдан бери кузатилмади.

Ҳозирги кунда республикамизда 11 турдаги турли юқумли касалликларга қарши эмлаш ишлари олиб борилади. Болалар саломатлигини янада мустаҳкамлаш, улар орасида касалликларни олдини олиш ва камайтириш учун ўз вақтида эмлаш жуда муҳимдир. Миллий эмлаш тақвимига асосан жорий йил 2 ноябр­дан бошлаб, болалар ўртасида пневмания ва менингит каби касалликларни олдини олиш ва камайтириш мақсадида пневмококк инфекциясига қарши янги вакцина билан эмлаш ишлари йўлга қў­йилади.

Пневмококк вакцинаси билан эмлаш болаларни пневмококк қўзғатувчилари келтириб чиқарадиган менингит ва пневмония касалликларидан муҳофаза қилади. Вакцинация уч маротаба ўтказилади. Бола пневмококк вакцинаси билан эмлашга 2 ойлигида, 3 ойлигида ва 12 ойлигида жадвал асосида жалб этилади. Вакцина 0,5 мл дозада соннинг олд қисми мушак орасига юборилади. Пневмококк вакцинасини болага бошқа вакциналар билан бир йўла юбориш мумкин. Вакцина бир дозали флаконда ишлаб чиқарилади. Бола организмида пневмококк вакцинаси фаол иммунитет ҳосил қилади. Вакцина хавфсиз ва самарали ҳисобланади. Пневмококк вакцинаси билан эмлаш нафақат оғир касалликлардан асрайди, балки уларнинг асоратлари - карлик, кўрлик, гидроцефалия, юқори нафас йўлларининг сурункали касалликларидан ҳам ҳимоялайди.

Дилфуза БОЛТАБОЕВА,

ВССБ бош мутахассиси.