Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази илмий ходими, тиббиёт фанлари доктори, профессор Акрамжон Раҳматов бошчилигидаги бир гуруҳ шифокорлар Наманганда бўлдилар.
Таниқли профессор маҳаллий ҳамкасбларига "Тери васкулити касаллигининг клиникаси, қиёсий ташхисоти ва даволаш усуллари" ва "Терининг замбуруғли касалликларини эпиопатогенетик даволашнинг замонавий усуллари" мавзусидаги маҳорат дарсларини ўтди. Шунингдек у кам учрайдиган, атипик кечувчи ва даволашда ижобий самара кузатилмаётган беморларни ҳам тиббий кўрикдан ўтказди. Мазкур тиббий тадбирга Наманган шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмаларига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникалар дерматологлари ва врачлари қатнашди. Қолаверса, тери касаллиги билан диспансер назоратида турган беморлар ҳам жалб қилинди.
Олим-шифокор семинар тарзидаги маҳорат дарсларини беморлар тиббий кўриги билан уйғун тарзда олиб борди. Норин туманидан келган У. Раҳимов бир неча йилдан буён азоб бераётган чап оёғидаги тошмалардан шикоят қилди. Уни обдон текширган профессор аввал шу каби беморларга қандай дори-дармонларни тавсия қилиш лозимлиги ҳақида мутахассисларга тушунча берди. Сўнгра бемор учун керакли дори-дармонлар ва физиотерапевтик муолажани тавсия қилди.
Яна бир бемор – Косонсой туманидан келган, псориаз ташхиси билан назоратда турган Д. Норова ҳам профессор ҳузуридан мамнун бўлиб чиқди. Унинг тавсияларига амал қилиб дарддан халос бўлишига ишончи янада ортди.
Қувонарлиси, псориаз, қизил ясси темиратки, витилиго, замбуруғ ва бошқа тери касалликларига чалинган кўплаб беморлар тажрибали шифокорнинг кўригидан баҳраманд бўлдилар. Уларнинг аксарияти бундай эътибор ва ғамхўрлик учун тиббий кўрик ташкилотчиларига, айниқса, республика бош дерматовенерологи Акрам Баротовичга миннатдорчилик изҳор қилдилар.
– Профессорнинг вилоятга келиб, беморларни кўрикдан ўтказиши биз учун ниҳоятда фойдали бўлди, – дейди мингбулоқлик беморнинг онаси Л. Турдиева. -Олим фарзандимдаги тери касаллиги эътибор талаб қиладиган хасталик эканлиги, муолажаларни ўз вақтида олиб борсак, касаллик албатта, чекинишини тушунтириб, керакли дори-дармонларни ёзиб берди.
Дарҳақиқат, тери энг нозик аъзо ҳисобланади. Мутахассиснинг таъкидлашича, теридаги касаллик ички органларнинг "хабари" ҳам бўлиши мумкин. Шундай экан, соғлом турмуш тарзи, тозалик гигиеналарига риоя қилиш, жисмоний фаоллик, ҳатто соғлом овқатланиш ҳам дерматовенерологик касалликларнинг олдини олиш ва даволашда жуда муҳим хусусиятга эга .
– Акрам Баратовичнинг тери касалликларини замонавий даволаш усуллари тўғрисидаги семинар ва маҳорат дарсларига ҳар гал катта қизиқиш билан қатнашамиз, – дейди РИД ва КИАТМ Наманган филиали директорининг ўринбосари Н. Холмирзаев. – Тажрибали шифокорнинг сабоқлари соҳа мутахассислари учун ғоят фойдали деб ҳисоблайман. Сабаби, биз шифокорлар билимимизни бойитиш учун илгари пойтахтга бориб, ортиқча вақт ва ортиқча сарф-харажат қилган бўлсак, эндиликда соҳадаги изчил ислоҳотлар туфайли ўз ҳудудимизда шундай имкониятга эга бўляпмиз. Устознинг қимматли сабоқлари беморларни даволашда ижобий натижаларга эришишимиз учун ғоят муҳим аҳамият касб этади.
Манзура ЭРГАШЕВА.