Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали ҳамда Туркиянинг "Мемориал" клиникаси жамоалари кўпдан бери онлайн тарзда ҳамкорлик қилиб келадилар.

Клиниканинг етакчи шифокори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Зафер Токташнинг ташрифи билан ҳамкорликнинг амалий босқичи бошланди. Дунёдаги энг кучли нейрохирурглар бешталигига кирувчи қардошимиз Кембридж университетининг тиббиёт факультетини битирган, АҚШ, Европа давлатларида малака оширган. Бош мия, орқа мия, гипофиз ўсмалари, умурт­қа поғонаси бўйин қисми стенози, мия стимуляцияси бўйича илмий-амалий тад­қиқотлари, тажрибалари билан мазкур соҳа жарроҳлигини такомиллаштиришга катта ҳисса қўшаётган доктор наманганлик ҳамкасбларини бош-бўйин онкологиясига оид юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари янгиликлари билан таништирди.

Доктор Зафернинг беморлар кўриги, бўйин-бош мия ўсмаларини аниқлаш ва муолажалар белгилаш юзасидан маҳорат дарс­лари ғоят самарали бўлди. Кун давомида 60 га яқин хасталарнинг техник ва тиббий таҳлил натижаларини кўздан кечириб, ўзлари билан суҳбатлар олиб борди. Айримларига даво муолажалари белгилади. Жараён орасида филиал жарроҳлик бўлими бўйин-бош мия онкологи Акмалжон Боймирзаевдан мазкур касаллик муолажасига эътибор кучайтирилаётгани сабабини сўрадик:

– Дунё бўйлаб бўйин-бош мия ўсмалари билан хасталанишлар кўпаймоқда. Жумладан, вилоятимизда ҳам шу ташхис билан диспансер ҳисобига олинаётганлар ойига 1,5-2 баробарга ортяпти. Уларни даволашда бирдан-бир чора жарроҳлик, кимё ва нур терапияси. Аксарият беморлардаги ўсмаларни 95 фоизгача олиб ташлаб, сўнгра нур ва кимё терапия билан соғайтиряпмиз. Аммо, доктор Зафер илмий анжуманда таъкидлаганидек, баъзан ўсма миянинг операция қилиш қийин бўлган зичликларигача кирган ҳолатлар учрайди. Турк ҳамкасбимиз шундай вазиятларда нур ва кимё терапияси қўллашнинг янги йўл-йўриқларини мультимедия воситасида кўрсатиб берди.

– Филиал фаолияти билан танишиб, бу ерда онкологик касалликларни аниқлаш ва даволашнинг ноёб, энг сўнгги русумдаги технологик воситалари мавжудлиги, ҳамкасб­ларимнинг юксак истеъдодидан ғоят хурсанд бўлдим, – дейди доктор Зафер. -Бир бемор "Туркияда даволанмоқчиман" деб қолди. Унга айтдим: "Зарур бўлса, шу таклифни ўзим айтардим. Лекин бизда бор технология ва мутахассислар шу ерда ҳам бор экан, уларга чин ихлос билан, албатта, шифо топасиз".

Ҳамкор онкологлар бугунгидек тиббий кўрик ва тажриба алмашувларни фаоллаштириш, айниқса, ташхислаш ва жарроҳлик йўналишларида телемедицинадан кенг фойдаланиш юзасидан келишиб олдилар.

Муҳаммаджон ОБИЛОВ.